«Атлетико» аутсайдер «Овьедо» устидан сўнгги дақиқада ютди
Ла Лиганинг 26-турида шакли беқарор бўлиб турган “Атлетико” сафардa чемпионатнинг энг пастдаги жамоаси “Реал Овьедо”га қарши ўйнади. Учрашувда ташаббус кўпроқ мезбонлар томонида бўлди: улар рақибдан деярли икки баробар кўп зарба йўллади, “матрасчилар” эса ўйин якунига қадар дарвозани аниқ нишонга олишда қийналди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Биринчи бўлим ўрталарида Федерико Виньяс Альберто Рейна узатмасидан кейин дарвозабон билан яккама-якка чиқди, бироқ бурчак остида зарба беришга мажбур бўлиб, голкипер дуэлни ютди. Кейинроқ Ильяс Чайра ўнг қанотдан келган узатмани яқин масофадан бош билан йўллади — дарвозабон яна жамоасини қутқарди. Рейнaнинг бурчак зарбасидан кейинги жарима майдони четидан йўллаган зарбаси ҳам қайтарилди.
Иккинчи тайм охирида тажрибали Санти Касорла жарима майдонида Виньясни топди, у эса пасни Тьяго Фернандесга ўтказди, аммо унинг 10 метрдан берган зарбаси устун ёнидан ўтиб кетди. Орадан кўп ўтмай “Атлетико”нинг илк жиддий вазияти юзага келди: Антуан Гризманн чап қанотга нозик узатма ташлади, Алекс Баэна дарвозабонни енгди, бироқ офсайд қайд этилди.
Ҳал қилувчи эпизод энг сўнгги ҳужумда юз берди. Нахуэл Молинанинг ўнг қанотдан паст узатмаси тўхтатилгандек кўринди, аммо тўп омадли тарзда Хулиан Альваресга қайтди. Ҳужумчи ҳимоячини алдаб, тўпни чап оёғига мослаб олди ва 11 метрдан яқин бурчакка аниқ зарба бериб, ҳисобни очди — 0:1.
Натижада “Реал Овьедо” турнир жадвалида сўнгги ўринда қолди, “Атлетико” эса юқори поғоналардаги курашда муҳим уч очкони олиб, учинчи ўринни бўлишиб турибди.
