Мостовой Россия термасининг бўлажак рақиблари ҳақида фикр билдирди
Россия футболи собиқ юлдузи Александр Мостовой баҳорги йиғин доирасида терма жамоа Африка ва Лотин Америкасидан, FIFA рейтингида кучли 100 таликка кирадиган жамоаларга қарши уй учрашувлари ўтказиши мумкинлиги ҳақидаги хабарга муносабат билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мостовой бундай ўйинларни ижобий қабул қилишини айтди. Унинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда Россия термасига тушаётган рақиблар даражаси анча яхшиланган.
“Охирги пайтлар нисбатан кучлироқ жамоалар билан ҳам ўйнаяпмиз. Перу ва Чили билан учрашувлар бўлди. Ҳозир кўплаб терма жамоалар жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётгани учун улар билан ўйнаш қийин бўлса керак. Аммо биз тўрт йилдан бери кимлиги номаълум рақибларга қарши майдонга тушяпмиз, шунинг учун бу ҳам муаммо эмас”, — дея Мостовойнинг сўзларини Metaratings келтиради.
Эслатиб ўтамиз, ноябр ойида Россия терма жамоаси аввал Перу билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган, кейин эса Чилига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлган. Баҳслар мос равишда Санкт-Петербург ва Сочида бўлиб ўтган.
