«Бавария» Нойерсиз тахминан уч ҳафта қолади
Мюнхеннинг «Бавария» клуби дарвозабони Мануэл Нойернинг жароҳати бўйича янги маълумотлар пайдо бўлди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Аввалроқ 39 ёшли посбон жароҳат олиб, «Айнтрахт»га қарши яқин ўйинни ўтказиб юбориши айтилганди. Кейинроқ клуб матбуот хизмати бу хабарни тасдиқлади, бироқ тикланиш муддати ҳақида аниқ маълумот бермади.
BILD нашрига кўра, болдир мушагидаги муаммо сабаб Нойер тахминан уч ҳафта сафдан ташқарида бўлади.
Жорий мавсумда Нойер барча мусобақаларда 28 та учрашувда майдонга тушиб, 27 та гол ўтказиб юборди ва 9 ўйинда дарвозасини дахлсиз сақлаб қолди. Шунингдек, футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси келаси ёзда якунланади.
«Бавария»нинг навбатдаги учрашуви 21-февраль куни «Айнтрахт»га қарши бўлиб ўтади. Бундеслига 23-тур баҳси Тошкент вақти билан 19:30 да бошланади.
