«Рома» Салоҳни 2026 йил ёзида таркибига қўшиб олмоқчи
Италиянинг «Рома» клуби 2026 йил ёзида ҳужумчи Муҳаммад Салоҳни ўз сафига жалб қилиш вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мисрлик футболчи бош мураббий Арне Слот билан келишмовчиликлардан сўнг яна «Ливерпул» таркибига қайтган бўлса-да, унинг ўйинида барқарорлик етишмаётгани таъкидланмоқда.
La Repubblica хабарига кўра, Саудия Арабистони клублари энди Салоҳ трансферига жиддий қизиқиш билдирмаяпти. Шу сабабли ҳозирча футболчи учун асосий даъвогар сифатида «Рома» кўрсатилмоқда.
Салоҳ аввал ҳам «бўрилар» шарафини ҳимоя қилган: у 2016–2017 йилларда Рим клубида ўйнаган ва айнан ўша ердан «Ливерпул»га ўтган.
2025/2026 йилги мавсумда 33 ёшли ҳужумчи 20 учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди. Унинг бозор қиймати 30 млн еврога баҳоланмоқда.
