Мардикор бозоридаги «ўйин»лар. Бунга ким барҳам беради?
Соат эрталабки ўн бўлишига қарамай тумонат одам. Ишлайман деб келган одамларнинг бирортаси шу пайтга қадар иш топмагандай гўё. - Бу ёғи қиш, иш кам, шунга одам кўп, - дейди улардан бири. - Демак, қишда иш ҳақиям камроқ бўларкан-да? - Албатта. Қиш ойларида бошқа фаслларга қараганда иш ҳам кам, нарх ҳам шунга яраша бўлади. - Тумандан қатнасангиз керак, қишда ҳар куни келиб кетасизми? - Нарпайданман. Аммо ётоқхонада тураман, ҳар куни қатнашга йўл пулим «чақиб кетади»ку. Суҳбатга қизиқувчилар кўпайиб, ўз фикрларини билдириш истагидагилар топилди. - Ишини билган, йўл-йўриқни тушунган одам бу ерда қоқилмайди, мардикор бозори кўнгилчанларга тўғри келмайди. Турли вазиятлар бўлади, ҳақингни талаб қилиб олишинг керак. - Турли вазиятлар деганда нимани назарда тутяпсиз? Ишини қилдириб, кейин пулини бермайдиганлар ҳам борми? Ёки иш изловчилар орасида турли низолар бўлиб турадими? - Иккаласиям бўлади. - Ишини қилдириб, кейин ҳақини бермаганда қандай йўл тутасизлар? Ўзини Комил ака, деб таништирган, шу ердаги 150 чоғли ишчиларга раҳбар деб ҳисобланадиган киши бу масала билан кўп шуғулланган, шекилли, фикрларини жаҳл аралаш жонкуярлик билан билдира бошлади. - Бунақа ҳолатлар кўп бўлган, албатта! Мардикор одам қандай йўл тутади, дейсизми? Нима қиларди, нима қила оларди? Бўшроқлари индамай қарғаб кетаверади. Жаҳлини жиловлай олмайдиганлари ўша ернинг ўзида «разборка» қилиб, муштини кўрсатиб келади. - Шундай ҳолатлар юз берганда ҳеч кимга мурожаат қилмаганмисизлар? - Мурожаат қилганмиз, «участковой»га борсак, шартнома тузганмисан, дейди. Қанақа шартнома? Қачон мардикор бозорида шартнома тузилган? Бу ерда қоида йўқ, фақат иш бор, ишни бажарувчи бор. Энди бу ёғи ҳар кимнинг инсофига боғлиқ. - Ҳар куни қанча одам келади мардикор бозорига? - Мингга яқин одам келади. Қиш ойларида кўпчилиги иш тополмаслиги мумкин. Аммо ёзда одам етмай кетади. Ишнинг кўзини билган одам ишсиз қолмайди, ҳар ҳолда. - Ўртача бир ойда қанча маблағ топасизлар ўзи? - Уч миллион сўмгача топамиз. Ёз ойларида кўпроқ бўлиши мумкин. - Кейинги пайтларда мардикор бозорларида меҳнат ярмаркаси ўтказиляпти, аммо улар бу корхоналарда ишлашни хоҳлашмаяпти, деган фикрлар пайдо бўляпти. Шундайми? - Тўғри томони шундаки, ростдан ҳам ярмаркалар ташкил этиляпти, аммо уларнинг иш ҳақи кўпи билан бир миллион сўм. Табиийки, бу пулга эркак киши оиласини боқа олмайди. Эҳтимол, аёллар ишлаши мумкиндир, лекин оила бошлиғига бу маош тўғри келмайди-да. Мен кўпдан буён бозордаман. Минг хил феълли одам, неча хил мақсадлиларини кўрдим. Умумий хулосаларимга таяниб айтишим мумкинки, бу ерга келаётганларнинг 30 фоизининг мақсад-муддаоси йўқ, ичкиликка берилган, бир сўм топсаям ароққа кетказадиган, на жамиятга, на оиласига фойдаси тегадиганлар. Шунчаки, эрмак учун келаётганлар ҳам бор. Аммо 70 фоизи оилам, болам-чақам дейдиган кишилар, ҳақиқатан шу меҳнати орқали қора қозони қайнаб турган одамлар улар. Ёки мардикор бозоридан етишиб чиққан корчалонлар ҳам бор. Яъни шу ерда иш бошлаб, шу ернинг ўзида иш берувчилар билан келишиб, бир гуруҳ йигитларга раҳбарлик қилади, десак тўғри бўлади. Бундай кимсаларнинг «қўл остидаги» йигитлар кимдир келиб, меҳнат бозоридан иш таклиф қилса ишонмаслиги мумкин, аммо ўша «раҳбар»ига албатта бўйсунади… Хуллас, ҳаётнинг мавжуд қоидаларига, бугунги жамиятга унчалик ҳам мос бўлмаган ўз қоидалари бор, мардикор бозорида билакда кучнинг ўзи камлик қилади. Иш излайман, деб келган йигитларга қарар экансиз, навқирон ёшида турмуш ташвишлари қаддини букиб қўйганини дарҳол ҳис қиласиз. Аммо қадди букилса-да, ғурури, ори букилмагандай уларнинг. «Муаммоларингиз борми?» деб сўраганларга «Муаммо йўқ, ҳалол меҳнат қиламиз, уни қадрлашса бўлди», дейишди. «Соғлигингизни текширтириб турасизми?» деб сўрасак, «Меҳнат қилган одам касал бўлмайди» дейишди ҳозиржавоблик билан. Афсуски, жуда кўп тилга олинса-да, бу масканни ўзгартириш, замонавийлаштириш масаласида ишлар силжимаган кўринади. Ҳуқуқий мақомга эга меҳнат бюролари ташкил этилиши эса ҳамон пайсалга солинмоқда. Жамият эмас, ҳаёт қоидалари билан яшаётган, ишлаётган ибтидоий тузум шароитлари билан кун кўраётган бу инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, мазкур меҳнат турини тизимга солиш қачон рўёбга чиқаркан? Ахир мамлакатнинг қудрати ҳам ундаги соғлом ишчи кучининг кўплигида эмасми? Гулруҳ МЎМИНОВА Манба Zarnews.uz