ru24.pro
Новости по-русски
Октябрь
2019

Актёр қамчиланганидан рози

0
Яхши актёр битта роль билан ҳам ўзига ҳайкал қўйса бўлар экан. Лекин бунақа омад умрнинг иккинчи ярмида насиб қилгани яхши. Отабек, Кумуш, Ўткурий, Фармонбиби каби ролларнинг шуҳратидан ошиб ўтиш, уларнинг қолипини синдириш деярли мумкин эмас... Абдураим Абдуваҳобов эса бу мартабага жуда эрта эришди. Биринчи уринишдаёқ, илк қадамдаёқ ўзбек киносида ўзининг муҳрини қолдирди. Шум бола, мана қирқ йилдирки, актёрни таъқиб этади. Абдураим Абдуваҳобовнинг ижодини ушбу образи ва бошқаларга бўлиб таҳлил қилиш мумкин. Лекин у Ўткурий (Обид Юнусов) ёки Шурик (Александр Демьяненко) каби кинодаги тақдиридан норози эмас. Шу қисматни ўзи тилаб олди. Съёмка пайти ҳам, кейин ҳам барига чидади. Яхшиси, бу ҳақда актёрнинг ўзидан эшита қолайлик: – Эшакни бўғизлаб қўядиган саҳнаси бор-ку, ўшандан кейин ростакамига саваланганман. Тўрт дубль. Тасаввур қилинг, ҳар гал Рустам ака: “Абдураимжон, мендан ўпкалама, режиссёр чиндан уринг деяпти-да”, деб узр сўраганча қамчилайди. Ўша куни елкам моматалоқ бўлиб уйга қайтдим. Онам буни кўриб: “Бас, бошқа бормайсан, кино-пинонгни йиғиштир”, дея қаршилик қилса-да, оғриқни, иситмани енгиб, эртаси куни яна съёмка майдонига югурдим. Абдураимнинг Шум болага айланиб қолиш тарихини фильмдаги онаси, Ўзбекистон халқ артисти Рихси Иброҳимовадан эшитамиз: – Ҳалфанага қочиш саҳнасини репетиция қила бошладик, Саидкарим жуда тортиниб, қимтиниб турибди. Ҳеч чиқаролмаяпти-да бола бечора. Сал нарида эса Абдураим типирчилаб, гижинглаган отдай бўлиб: “Мен ўйнай, бир марта кўрсата қолай”, дейди нуқул. Саидкаримни аяймиз, ранжитгимиз келмайди. Икки-уч уринишдаям ўхшамади... Абдураимга нисбатан ҳам “Қанақа бўларкин, бу бола дўмбоққина-ю”, деган эътирозлар билдирилди. “Ҳа, уйдан ҳали уни, ҳали буни ўғрилаб, мой, тухум опчиқиб, ошлар қилиб еб юрган бола-ку”, дедим. Битта дублдаёқ ролга қолипдай тушди-қўйди. Фильмдаги энг қизиқ эпизодлардан бирини тасвирга олиш учун бир қути тухумни Абдураимнинг бошида чақишганини “она-бола” ҳалигача кулиб эслайди. – Энг қийин саҳнамиз шу бўлган. Қайта-қайта уринганмиз. Биттасида “пақ” этиб ерга тушиб синган. Яна бирида сурилиб кетиб, бошқа томондан оққан, – дейди Рихси Иброҳимова. – Кейин бунинг ҳам йўлини топишди, – гапга қўшилади Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов. – Елим халтанинг бир четини керакли тарафга тўғрилаб кесиб қўйишди. Ана шундан сўнггина онам бошимга ўқлов билан солганида тухум режиссёр хоҳлагандек оқиб тушди. "Kino san'ati" журнали архивидан.