ru24.pro
Новости по-русски
Июль
2019

Куни кеча Марғилон шаҳрида халқаро фольклор фестивали бошланди

0
Фольклор санъатини сақлаш ва ривожлантириш ҳозирги даврда юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Хусусан, ҳар икки йилда бир марта Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивалини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиниши бу борада катта воқеа бўлди. Фестивални ўтказишдан асосий мақсад: фольклор мусиқа санъатини кенг тарғиб этиш, мусиқий меросни замонга мос эъзозлаб сақлаш, ўрганиш, ўзлаштириш, ривожлантириш ва фольклор санъатининг моҳир ижрочиларини рағбатлантириш; ёшлар ва келажак авлод қалбида фольклор мусиқа санъатига бўлган меҳрни ошириш, мусиқий мероснинг бой, бадиий ва эстетик имкониятларини тараннум этиш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш; ўзбек ҳамда бошқа халқларнинг фольклор мусиқа санъатларини қамраб олиш, улар ўртасида яқиндан илмий ва ижодий мулоқотлар ва ҳамкорлик қилиш, маданий-маънавий муносабатларни халқаро миқёсда кенгайтириш, хорижий давлатлар билан миллий маданиятлар уйғунлиги ва турфа хиллигини сақлаш ва ривожлантириш, халқ ижодиётининг энг яхши намуналарини кенг тарғиб этиш, муҳофаза қилиш ва ривожлантириш; турли миллатлар вакилларини маънавий мулоқотга жалб этиш, яхлит маданий муҳитни асраш ҳамда миллий анъаналар ва эстетик идеаллар умумийлиги асосида давлатлараро ва халқлараро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Фестиваль доирасида илмий-ижодий конференция, семинарлар, давра суҳбатлари, сайиллар, концертлар, кўргазмалар уюштирилади, турли ҳаваскор фольклор жамоалари, ашула, мусиқа ва рақс ансамбллари, яккахон ижрочилар чиқишлари намойиш этилади. Ушбу фестивалга Эрон, Ҳиндистон, Франция, Росссия, Жанубий Корея, Япония, Монголия, Туркия каби 20 та хорижий давлатлардан фольклор жамоаларининг иштирок этишлари фестиваль нуфузи юқори даражада ўтишидан далолатдир. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 та фольклор жамоаси иштирок этади: Қорақалпоғистоннинг “Сувсепар”, Андижон вилоятининг “Ёр-Ёр”, Бухоро вилоятининг “Жондор” ва “Саҳро саболари”, Жиззах вилоятининг “Боғдон гуллари”, Навоий вилоятининг “Кармана”, Наманган вилоятининг “Гулдиор”, Самарқанд вилоятининг “Чавки” ва “Бешқарсак”, Сирдарё вилоятининг “Деҳқон болалари”, Сурхондарё вилоятининг “Бойсун”, Тошкент вилоятининг “Наврўз”, Хоразм вилоятининг “Жўралар” ва “Сара паёон”, Фарғона вилоятининг “Кабутар” ва “Чодир жамол”, Қашқадарё вилоятининг “Воҳа”, Тошкент шаҳрининг “Дурдона” каби энг намунали фольклор жамоаларининг 200 нафардан ортиқ аъзоси ўз ҳудудларига хос либослар ва қадимий куй-қўшиқлар асосида тайёрланган махсус дастурлари билан қатнашади. Фестивалда қуйидаги номинациялар бўйича танловлар ўтказилади: ‒ қўшиқчилик санъати (алла, ўлан, лапар, терма, маросим қўшиқлари, халфачилик, бахшичилик ва ҳоказо); ‒ рақс санъати (турли ҳудудларга хос халқ рақслари); ‒ миллий қадим фольклор чолғучилик санъати (миллий мусиқа асбобларида асарлар ижроси). Иштирокчиларнинг чиқишлари юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан ташриф буюрган тегишли соҳалар намояндаларидан иборат халқаро ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланади. Фестиваль ғолиблари қуйидаги пул мукофотлари билан тақдирланадилар: 1-ўрин (ҳар бир номинация) ‒ 3 500 АҚШ доллари; 2-ўрин (ҳар бир номинация) ‒ 2 500 АҚШ доллари; 3-ўрин (ҳар бир номинация) ‒ 1 500 АҚШ доллари. Фестивалнинг якуний босқичи ғолибларига Ташкилий қўмита томонидан дипломлар, совринлар ва Фестиваль рамзлари туширилган эсдалик совғалари топширилади. Халқаро ҳайъат қарори билан энг яхши деб топилган иштирокчилар ҳар бир номинация бўйича биттадан Лауреат дипломлари билан тақдирланадилар. Бундан ташқари, ҳар бир номинацияда биттадан I, II ва III даражали дипломлар, Фестиваль иштирокчиси дипломлари ҳамда ҳар бир қатнашчига махсус диплом берилади. Давлат ва нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, корхоналар, муассасалар, жамғармалар, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар иштирокчилар учун махсус мукофотлар, совринлар, эсдалик совғалари таъсис этишлари мумкин. Ўйлаймизки ушбу фестиваль азалий анъана ва қадриятлари муштарак бўлган халқларни нафақат ижтимоий-сиёсий, балки маданий ва маънавий жиҳатдан жипслаштириш, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, дунё халқлари ўртасида халқаро маданий алоқаларни янада ривожлантириш учун хизмат қилади.