Юрагим бақувват
Вой юрагим санчияпти, дейишга шошилманг. Энг аввало табиий малҳам нима эканлигини бир фикр қилиб кўринг. Табобатда Ўрик мевасини хоҳ хўл, хоҳ қуритилган мева тарзида доимий истеъмол қиладиган одамнинг умумий ҳолати доимо аъло даражада бўлар экан. Айниқса юрак қон томир касалликлари, ошқозон-ичак ва ортиқча вазн билан хасталанган беморлар учун ўрик жуда фойдалидир. Ушбу мева ҳомиладор аёллар ва болаларга фойдаси ҳусусида диетологлар аллақачон бир фикрга келишган. У организмдаги модда алмашинуви, ҳазм қилиш ҳамда кўп миқдорда темир моддаси мавжудлиги учун қон тизимига ҳам фойдали таъсир кўрсатади. Организмнинг каротинга бўлган бир суткалик талаби ўрик шарбатининг 150 грами билан қондирилар экан. 150 грамм ўрик шарбатининг фойдаси 250 грамм жигар билан бир хил экан. Шунингдек ўрик анемиянинг исталган турида фойдали ҳисобланиб, уни даволар ҳам экан. Ўрик меваси гипо ва авитаминозда ҳам ёрдам беради. Оғир металл қуюмлари билан заҳарланганда, онкологик касаллар саломатлигини бир маромда ушлаб туришда ҳам ўрикка тенг келадиган йўқ. Ўрик организмнинг ҳар хил касалликларга қаршилигини ҳам кучайтиради, шунингдек яроқсиз ҳолга келган орган фаолиятларини тузатади. Агар ортиқча вазндан қийналаётган бўлсангиз диета рационингизга албатта ўрик мевасини киритинг. Бизга маълумки, Мамлакатимизнинг жанубий-ғарбий вилоятларида қуйидаги ўрик навлари туршакбоп ҳисобланади: «Юбилейный Навоий», «Кўрсодиқ», «Руҳий жуванон», «Субҳоний», «Хурмоний», «Искандарий», «Мохтобий», «Бодоми», «Гулонги бодоми» ва бошқалар. Ўрикни қуритиш усулларига қараб ундан туршак, курага ва қайса олинади. Туршак – данаги билан қуритилган ўрикдир. Туршак қуритиш – ҳосилни узиш, ташиш, сақлаш, навларга ажратиш, калибровка қилиш, ювиш, қайноқ сувга ботириб олиш, дудлаш, қуритиш, намни мувофиқлаш, идишларга жойлаш ва сақлашдан иборат. Ўрик – ўз навига хос ранг ва шаклга кирган, эти етарли даражада тиғиз бўлган даврда узилади. Юқорида келтирилган навлардаги қуруқ моддалар етилиш пайтида 23–26 фоизни ташкил этмоғи лозим. Мевалар катта-кичиклигига қараб навларга ажратилади (калибровка қилинади). Бунда чириган, моғорлаган, эзилган, ҳашарот тушган ва касалланганлари олиб ташланади. Мевалар етилиш даражаси жиҳатидан ҳам сараланади, чунки, хомашёни ишлаш қайноқ ишқорга ботириб олиш, дудлаш, қуритиш тартиби меваларнинг етилиш даражасига боғлиқ. Хомашёни каустик сода эритмасига ботириб олиш (бланшировка қилиш) техникаси қуйидагилардан иборат: хомашёни симдан ёки новдадан тўқилган катта бўлмаган саватга тўлдириб, қайноқ эритмага ботириб турилади. Бланшировка қилинган ва ювилган мевалар дарҳол тахта идишларга бир қатор қилиб ёйиб қўйилади ва олтингугурт билан дудлаш камераларида дудланади (сульфитлаш). Дудланган ўрик ўз табиий рангини сақлайди ва ҳашаротларга чидамли бўлади. 1 кг мевага 2–2,5 г олтингугурт сарфлаб, 1–1,5 соат дудланади. Очиқ жойда қуритиш 3–4 кун давом этади, кейин ўрик сояга олиб штабелларга тахланади, шу ҳолда яна бир неча кун қуритилади, умуман қуритиш 8–10 кун давом этади. Меваси бир текис қуриб, пўсти ажралмайдиган бўлганида қуритиш тугалланади. Туршакнинг 75–80 фоизида намлик 15–17 фоизни ташкил қилса, у обдон қуриган бўлади. Шу боис туршак йиғиштириб олингандан сўнг, энди унинг намини мутаносиблаш мақсадида қуритилади. Бунинг учун патнислардан олинган мева тахта қутиларга солинади. Бундай қутиларнинг узунлиги 1,2 м, эни 0,7 м баландлиги 0,5 м бўлиб, уларга 80–100 кг. дан маҳсулот жойлаштирилади, қутилар ёпиқ биноларда сақланади ва бу жараён 12–15 кун давом этади. Шу даврда яхши қуримаган меваларнинг нами ўта қуриганларига ўтади. Лобар Мирзо журналист