ru24.pro
World News in Uzbek
Март
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Грантда ўқиганларга 3 йил мажбурий ишлаш бекор қилинадими?

0

Ўзбекистонда давлат гранти асосида таҳсил олган талабалар учун жорий этилган мажбурий меҳнат фаолиятига оид талаблар қайта кўриб чиқилиши мумкин. Хусусан, олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида тамомлаган битирувчилар учун белгиланган камида уч йил ишлаб бериш мажбуриятини бекор қилиш таклифи илгари сурилмоқда. Бу ҳақида Газета хабар қилди.

Бу ҳақда “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорга ўзгартишлар киритишга оид лойиҳада сўз боради. Унда амалдаги тартиб-таомиллар замонавий талаблар асосида такомиллаштирилиши ва янада аниқлаштирилиши кўзда тутилган.

Амалдаги низомга мувофиқ, давлат гранти асосида ўқиган талабалар битиргандан сўнг камида уч йил давомида белгиланган жойда ишлаб беришга мажбур эди. Янги таклифда эса ушбу “камида уч йил” деган аниқ муддат нормасини бекор қилиб, уни умумий “мажбурий” ишлаб бериш тушунчаси билан алмаштириш назарда тутилмоқда.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, энди бундай мажбуриятнинг аниқ муддати ҳар бир таълим йўналишининг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан алоҳида белгилаб берилиши мумкин. Бу эса турли соҳаларда кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиш имконини беради.

Шунингдек, битирувчиларни ишга тақсимлаш тизимидаги айрим атамалар ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. Жумладан, “доимий яшаш жойи” тушунчасини “яшаш жойи” деб алмаштириш таклиф қилинган. Бу ўзгаришлар орқали ҳуқуқий аниқликни таъминлаш ва амалиётдаги ноаниқликларни бартараф этиш мақсад қилинган.

Мутахассислар фикрича, ушбу янгиликлар таълим тизимини янада либераллаштириш, битирувчиларга кенгроқ имкониятлар яратиш ҳамда меҳнат бозори талабларига мослашишга хизмат қилади. Шу билан бирга, давлат гранти асосида тайёрланган кадрларни самарали жойлаштириш масаласи ҳам янги ёндашувлар асосида ҳал этилиши кутилмоқда.