Юқори лавозимли амалдор ўз жонига қасд қилди
13 март куни Бишкек шаҳрида Кубаничбек Капалов — Қирғизистон Бош прокуратураси ҳузуридаги суд ижрочилари хизмати раҳбар ўринбосари ўзини отди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Маълумотларга кўра, милицияга Чон-Ариқ қишлоғидаги Кожомбердиев кўчасида автомобиль ичида ўқ узилган жасад топилгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳодиса жойига тезкор-тергов гуруҳи етиб бориб, GAC русумли машина салонида 1981 йилда туғилган эркакнинг ўқотар қуролдан ҳалок бўлганини аниқлаган.
Кейинчалик марҳум шахси аниқланиб, у Бош прокуратура ҳузуридаги суд ижрочилари хизмати раҳбар ўринбосари Кубаничбек Капалов экани тасдиқланган.
Текширув давомида милиция ходимлари “Иж-18” русумли 12 калибрли милтиқ, патронлар, гильза, икки дона телефон ва хайрлашув мактубини далил сифатида олиб қўйган. Дастлабки суд-тиббий кўрик марҳумнинг кўкрак қисмида ўқ жароҳати борлигини кўрсатган.
Дастлабки маълумотларга кўра, амалдор қарз мажбуриятлари туфайли ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин. Ҳодиса юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг тегишли моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
