ru24.pro
World News in Uzbek
Март
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Ўзбекистонлик мутахассислар Нидерландияда иш билан таъминланади

0

Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзбекистоннинг Нидерландиядаги элчиси Ғайрат Фозилов «MMBS Гроеп» компанияси раҳбарияти ҳамда «Боуwменсен Амстердам» таълим маркази вакиллари билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Музокаралар давомида виза тартиб-таомилларини соддалаштириш ва меҳнат миграцияси дастурларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Нидерландиялик ҳамкорлар Ўзбекистонни малакали кадрлар етказиб беришда ишончли ва стратегик шерик сифатида баҳоламоқда. Ҳозирги кунда «MMBS Гроеп» компаниясида 40 нафар ўзбекистонлик мутахассис 2500 евро миқдоридаги ойлик маош эвазига фаолият юритмоқда. Компания вакилларининг таъкидлашича, яқин келажакда яна 6 минг нафаргача ўзбекистонлик ишчиларни жалб қилиш режалаштирилган. Бу эса мамлакатимиз фуқаролари учун хорижда муносиб иш ўринлари яратиш борасидаги муҳим қадамдир.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли келишувга эришдилар. Унга кўра, Урганч шаҳрида қурилиш соҳасига ихтисослашган илк ўқув маркази ташкил этилади. Келгусида ушбу марказда сантехника, электротехника ва бошқа техник йўналишлар бўйича ҳам мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади. Бу лойиҳа ёшларнинг касбий маҳоратини халқаро стандартлар асосида оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, ўзбекистонлик дипломатлар Нидерландияда меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг яшаш ва ишлаш шароитлари билан яқиндан танишди. Томонлар келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва меҳнат миграцияси жараёнларини тартибли ҳамда хавфсиз ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдилар.