Яқин Шарқдаги уруш нефть ва газ нархини кескин оширди
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари ҳамда бунга жавобан Теҳроннинг Хўрмуз бўғозини ёпиши жаҳон иқтисодиётида жиддий инқирозни келтириб чиқарди. Дунё нефть таъминотининг қарийб 20 фоизи ўтадиган ушбу муҳим йўлакнинг тўсилиши энергия ресурслари нархининг осмонга кўтарилишига сабаб бўлди. Хусусан, QatarEnergy компанияси суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни тўхтатгач, газ нархи 1,5 бараварга ошди ва Европада минг куб метр газ қиймати уч йил ичида илк бор 800 доллардан ошиб кетди.
Бу вазият Италия, Бельгия, Хитой, Ҳиндистон ва Жанубий Корея каби энергия импортига қарам давлатлар иқтисодиётига оғир зарба берди. Молия бозорларида ҳам ваҳима кузатилмоқда: Жанубий Корея фонд бозори 20 фоизга қулади, Ҳиндистон миллий валютаси эса долларга нисбатан қадрсизланди. S&P 500 индекси ҳам ўтган ҳафтада 2 фоизга пасайиш кўрсатди.
Логистика соҳаси ҳам оғир аҳволда қолди. Авиакомпаниялар Эрон ва Россия ҳаво ҳудудини четлаб ўтишга мажбур бўлмоқда, бу эса парвоз йўналишларини узайтириб, харажатларни оширмоқда. SEKO Логистиcс вакили Брайан Буркнинг таъкидлашича, самолётлар эндиликда Туркманистон орқали учишга мажбур. Бундан ташқари, авиация ёқилғиси нархи 72 фоизга кўтарилиб, 2022 йилдаги рекорд даражага етди. Мутахассислар ушбу геосиёсий таранглик давом этса, глобал таъминот занжирида узилишлар янада чуқурлашиши ва инфляция даражаси кўтарилишидан хавотирда.
