"Реал" Вигода сўнгги дақиқада ғалабани қандай тортиб олди? (видео)
Испания Ла Лигасининг 27-турида «Реал» Вигода «Селта»га қарши жуда қаттиқ ва асабий баҳс ўтказди. Учрашув якунида “қироллик клуби” қўшиб берилган дақиқаларда ғалабани илиб кетиб, чемпионлик пойгасидаги босимни янада оширди — 1:2.
Ўйин тез суръатда бошланди ва «Реал» 11-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Орельен Чуамени жарима майдони атрофидаги ҳаракатда энг чаққон бўлиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Бироқ «Селта» ҳам тез таслим бўлмади. 25-дақиқада Иглесиас ҳисобни тенглаштириб, «Балайдос» трибуналарини “ўт” қилиб юборди — 1:1.
Шундан кейин ўйин узоқ вақт мувозанатда кечди: ҳар икки жамоада ҳам имкониятлар бўлди, аммо ҳал қилувчи зарбалар ё етмади, ёки ҳимоячилар ўз вақтида тўсди. Қачондир дурангга кетадигандек туюлган учрашувда энг катта драматик лаҳза 90+4-дақиқада келди.
Федерико Валверде сўнгги дақиқада “Реал”ни қутқариб қолди: у жамоасига ғалаба голини уриб, уч очкони амалда тортиб олди. Бу гол нафақат ўйин тақдирини, балки турнир жадвалидаги вазиятни ҳам сезиларли ўзгартирди.
Шу ғалаба орқали Арбелоа жамоаси очколарини 63 тага етказиб, пешқадам «Барселона» (64) билан фарқни минимал даражага туширди. Энди чемпионлик пойгасида ҳар бир тур “финал”га айланяпти: бир хатолик — ва позиция ўзгаради. «Селта» эса 40 очко билан 6-поғонада қолди ва Еврокубоклар учун курашда муҳим очколарни қўлдан чиқарди.
Ла Лига. 27-тур
Селта — Реал 1:2
6 март, «Балайдос»
Голлар: Иглесиас (25) — Чуамени (11), Валверде (90+4).
