БМТ Эрондаги мактаб ҳужумини текширишни талаб қилди
БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари идораси Эрондаги мактабда рўй берган ҳужумни холисона текширишга чақирди. Олий комиссар матбуот котиби Равина Шамдасанига кўра, ҳужумни амалга оширганлар текширув ўтказиш ва унинг натижаларини жамоатчиликка эълон қилишга масъулдир. Шунингдек, айбдорларни жазолаш ва қурбонларга товон пули тўлаш лозимлиги таъкидланган.
БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари фуқаровий инфратузилма ҳамда тинч аҳолига таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Шу муносабат билан халқаро гуманитар ҳуқуқ талабларига қатъий риоя этиш зарурлиги эслатилган.
Миноб туманидаги "Шажарайи Тоййиба" мактаби 28 февраль куни, дарс жараёнида бомбардимон қилингани хабар қилинган. Ҳужум оқибатида кўплаб ўқувчи ва ўқитувчилар ҳалок бўлгани, мактаб биноси эса жиддий вайрон бўлгани айтилмоқда.
Эрон давлат ОАВларида ҳодиса натижасида кўплаб болалар ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар келтирилган. ЮНЕСКО бу воқеани халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши сифатида қоралаган. АҚШ мудофаа вазири эса Америка армияси фуқаровий объектларга зарба бермаслигини таъкидлаб, ҳодиса бўйича текширув олиб борилаётганини билдирган.
