Араб давлатлари нега Эрон ҳужумларига нисбатан сукут сақламоқда?
Яқин Шарқдаги уруш алангаси кучайиб бораётган бир пайтда, минтақадаги энг қудратли араб давлатларининг Эрон зарбаларига нисбатан кўрсатаётган вазминлиги дунё сиёсатшуносларини ҳайратга солмоқда. Нафақат ҳарбий базалар, балки Дубайдек сайёҳлик марказлари ва «Aramco» сингари иқтисодий гигантлар нишонга олинса-да, араб дунёси нега сукут сақламоқда? Zamin.uz ушбу жумбоқнинг эҳтимолий сабабларини таҳлил қилади.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши амалиётлари кутилган тезкор натижани бермади. Теҳрон нафақат таслим бўлгани йўқ, балки давлат бошқарувини барқарорлаштириб, сайловларга тайёргарликни ҳам бошлаб юборди. Бироқ энг қизиқ жараёнлар араб давлатлари атрофида содир бўлмоқда.
Вашингтонга қарамлик ва Трампнинг «триллионлик» тузоғи
Дональд Трамп ҳокимиятга келгач, араб давлатлари билан улкан молиявий шартномалар имзолаган эди. Экспертларнинг фикрича, арабларнинг ҳозирги сукути айнан шу келишувларга боғлиқ бўлиши мумкин. Трампнинг «биз уларга операцияда қатнашишга рухсат бермадик» қабилидаги гаплари араб давлатлари ўз мудофаасини тўлиқ Вашингтонга топшириб қўйганини, бироқ бу келишув ҳозирда панд бераётганини кўрсатади.
Дубай: Иқтисодий қон томирига берилган зарба
БАА мисолида айтадиган бўлсак, мамлакат иқтисодиёти ҳар дақиқада миллионлаб доллар йўқотмоқда. Дубай халқаро аэропорти — мамлакатнинг пул оқими манбаи ҳозир фалаж ҳолатда.
-
Сайёҳлик инқирози: Туристик ширкатлар катта зарар кўрмоқда.
-
Ифторлик дипломатияси: Амирликлар президенти ва Дубай шаҳзодасининг «Dubai Mall»да одамлар билан ифторлик қилиши — халқ орасидаги ваҳимани босиш ва шаҳар хавфсиз эканини исботлашга бўлган умидсиз уринишдир.
Путиннинг кутилмаган эътирози
Россия президенти Владимир Путин БАА раҳбари билан суҳбатда Эроннинг зарбаларини танқид қилди. Унинг фикрича, Дубайнинг нишонга олиниши мантиқсиз, чунки АҚШ Эронга зарба беришда БАА ҳудудидан фойдаланмаётган эди. Эрон эса арабларга «Америка билан иттифоқчи бўлишнинг бадалини» айнан энг машҳур шаҳарларни бомбалаш орқали тўлатмоқда.
«Aramco» ва Исроилнинг маккорона режаси
Эрон нафақат кичик давлатларни, балки Саудия Арабистонидаги дунёнинг энг йирик нефть заводи — «Aramco»ни ҳам ўққа тутмоқда. Машҳур журналист Такер Карлсоннинг фикрича, бу ерда вазият анча мураккаб бўлиши мумкин:
«Исроил нафақат Эронни, балки минтақадаги барча мусулмон давлатларини кучсизлантиришни истайди. «Aramco»га зарбани эронликлар эмас, балки арабларни Эрон билан уруштириб қўйиш мақсадида Исроил берган бўлиши мумкин».
Агар араб давлатлари катта минтақавий урушнинг олдини олиш ва провокацияларга учмаслик учун босиқлик қилаётган бўлса, бу таҳсинга лойиқ. Аммо, агар бу сукут фақатгина Вашингтоннинг «рухсати йўқлиги» натижаси бўлса, бу минтақа хавфсизлиги учун ўта хавотирли сигналдир.
Сизнингча, араб давлатларининг бу қадар вазминлиги уруш оловини сўндиришга ёрдам берадими ёки Эронни янада қатъийроқ ҳужумларга ундайдими?
Яқин Шарқдаги энг иссиқ хабарларни zamin.uz билан кузатиб боринг.
