ru24.pro
World News in Uzbek
Март
2026
1 2 3 4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Флик «Барса»нинг ўйинини мақтади, аммо финал орзуси барибир ушалмади

0

«Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик Испания кубоги яримфинал жавоб учрашувида «Атлетико»га қарши кўрсатилган ўйинни юқори баҳолади. Каталонияликлар ўз майдонида 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди, аммо илк баҳсдаги 0:4 ҳисобидаги мағлубият туфайли икки ўйин якуни бўйича 3:4 ҳисобида мусобақа билан хайрлашди. «Матрасчилар» эса шу тариқа финалга йўл олди.

Фликнинг фикрича, жамоа майдонда бор имкониятини ишга солди ва деярли мукаммал камбэкка яқин келди. У футболчилари катта куч сарфлаганини, ўйинни жуда баланд суръат ва иштиёқ билан ўтказганини таъкидлаб, «тўртинчи гол ҳам бўлиши мумкин эди», деган мазмунда гапирди. Мураббийнинг сўзларида бир вақтнинг ўзида ҳам фахр, ҳам алам бор эди: «Барса» ғалаба қилди, аммо финалга чиқиш учун айнан битта гол етишмади.

Флик яна бир муҳим нуқтага урғу берди: агар жамоа шундай руҳ, шундай босим ва шундай ишонч билан яна бир неча ўйин ўтказса, уни тўхтатиш жуда қийин бўлади. Бу фикр «Барселона»нинг мавжуд ўйинига ишонч сақланиб қолаётганини кўрсатади. Яъни кубок бой берилган бўлса-да, жамоа ўзини синган эмас, аксинча, курашувчан ҳолатда кўрсатди.

"Барча футболчилар бор куч-қувватини сарфлаб, фантастик учрашув ўтказишди. Шунчаки тўртинчи гол бўлмади, бу бўлиши мумкин эди.Менда шундай ҳис бор, агар бундан кўпроқ шундай учрашувларни ўтказсак, бизни тўхтатиб бўлмайди."– деди Флик.

Бироқ ғалаба ортидан яна бир нохуш хабар ҳам келди. Флик жамоада янги жароҳатлар пайдо бўлганини очиқ айтди. У Жюль Кунде ва Алехандро Бальде билан боғлиқ муаммолардан норози эканини билдириб, тиббий штаб ва жисмоний тайёргарлик мураббийлари билан бу ҳолатни жиддий муҳокама қилиш кераклигини таъкидлади. Мураббийни айниқса бир ҳафта ичида бир нечта футболчининг шикаст олаётгани хавотирга солмоқда.

"Бизда янги жароҳатлар бор (Жюль Кунде ва Алекс Бальде) бу менга ёқмайди, бу ёмон. Биз тиббиёт жамоаси ва жисмоний тайёргарлик мураббийлари билан гаплашишимиз керак. Бир ҳафтада уч футболчини жароҳатланишдан қандай ҳимоя қилиш мумкин?"– деди Флик.

Қисқаси, бу кеча «Барселона» учун икки хил туйғуни олиб келди: майдонда кучли ғалаба ва трибуналарни ҳайратга солган футбол, аммо таблода етишмай қолган битта гол ва бой берилган финал. Флик жамоасини мақтади, аммо энди унинг олдида яна бир жиддий вазифа турибди — руҳий зарбани енгиш ва жароҳатлар тўлқинини тўхтатиш.