ru24.pro
World News in Uzbek
Март
2026
1 2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Ҳусановни Холанд "ҳазил" билан табриклаб мухлисларни хурсанд қилди

0

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бугунги кундаги энг таниқли ва энг кўп муҳокама қилинаётган футболчиларидан бири — Абдуқодир Ҳусанов яна диққат марказида. Бу сафар ҳимоячимиз майдондаги ҳаракатлари эмас, балки ўзгача туғилган куни тарихи сабаб мухлислар эътиборини тортмоқда. Истеъдодли футболчимиз таваллуд айёми муносабати билан табрикларни қабул қилишда давом этяпти ва бу қувончли лаҳзаларга нафақат юртдошларимиз, балки “Манчестер Сити” атрофидаги катта футбол олами ҳам қўшилди.

Абдуқодир Ҳусановнинг туғилган санаси ҳақиқатан ҳам ўзига хос. У 29 февраль куни дунёга келган. Маълумки, бу сана оддий тақвимда эмас, балки тўрт йилда бир марта учрайдиган кабиса йилида пайдо бўлади. Шу жиҳатдан қараганда, Ҳусановнинг ҳақиқий туғилган куни тақвимда камдан-кам намоён бўлади. Ана шу қизиқ ҳолат сабабли футболчимиз таваллуд айёмини ҳар тўрт йилда расман нишонлайди, аммо табрикларни қолган йилларда ҳам мартнинг биринчи куни қабул қилаверади.

Бу йил ҳам худди шундай бўлди. 22 баҳорни қарши олган Абдуқодирни “Манчестер Сити” клуби ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали алоҳида табриклади. Табиийки, клубнинг бутун дунё бўйлаб тарқалган мухлислари ҳам бу илиқ табрикка бефарқ қолмади. Ишқибозлар пост остида кетма-кет изоҳ қолдириб, ўзбек футболчисига эзгу тилаклар, самимий гаплар ва дилдан чиққан қутловларини йўллашда давом этди.

Энг қизиқ табриклардан бири эса жамоанинг асосий юлдузларидан Эрлинг Холанд томонидан бўлди. Норвегиялик машҳур тўпурар ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ҳусановни ҳазил аралаш, аммо жуда самимий тарзда қутлаб, “5 ёшинг билан!” деб ёзди. Бу оддий ҳазилдек кўринса-да, унинг ортида жуда қизиқ мантиқ бор.

Гап шундаки, Абдуқодир Ҳусанов туғилганидан бери 29 февраль санаси тақвимда атиги беш марта келган. Демак, у “расман” туғилган кунини ҳам беш мартагина нишонлай олган. Қолган йилларда эса худди бу галгидек қутловларни 1 март куни қабул қилиб келмоқда. Холанднинг ҳазили ҳам айнан шу ўзига хос ҳолатга боғланган бўлиб, мухлислар орасида илиқ кайфият уйғотди.

Таъкидлаш жоиз, Эрлинг Холанд Абдуқодирга шунчаки жамоадош сифатида эмас, балки илиқ муносабатда бўлган футболчилардан бири сифатида қараб келмоқда. 2025 йил 20 январда Франциянинг “Ланс” клубидан “Манчестер Сити” сафига келиб қўшилган Ҳусанов қисқа вақт ичида жамоага мослашиб, етакчи футболчилар билан ҳам яхши алоқа ўрната олди. Холанднинг табриги ҳам улар ўртасидаги дўстона муҳит шаклланганини кўрсатади.

“Манчестер Сити” Абдуқодир Ҳусановни 40 миллион еврога трансфер қилган эди. Бу харид оддий келишув эмас, балки “шаҳарликлар” таркиб янгиланиши ва авлодлар алмашинувининг муҳим бошланиш нуқталаридан бири сифатида баҳоланган. Ҳусановдан кейин клуб сафини яна қатор янги футболчилар тўлдирди. Бу эса Хосеп Гвардиола жамоасида катта қайта қурилиш жараёни кетaётганини яққол англатди.

Қувонарлиси, Абдуқодир бу рақобат ичида йўқолиб қолмади. Аксинча, у жорий мавсумда асосий таркибга киришни уддалади. Ҳам ҳимоянинг ўнг қанотида, ҳам марказида ишончли ўйнай оладиган легионеримиз Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги, Лига кубоги ва Европа Чемпионлар лигаси доирасида жами 23 марта майдонга тушиб, ўз салоҳиятини намоён этди.

Энг муҳими, Англия футболи таҳлилчилари, экспертлар, мураббийлар штаби ва “Манчестер Сити”нинг кенг мухлислар армияси Ҳусановнинг ўйинини юқори баҳолаб келмоқда. Унинг совуққонлиги, позиция танлаши, жисмоний кучи ва универсаллиги катта футбол муҳитида эътироф этиляпти. Бу эса ўз навбатида, ўзбек футболчиси учун янада ёрқин келажак эшикларини очиб бермоқда.

Қисқаси, Абдуқодир Ҳусанов бу йилги туғилган кунида нафақат табриклар, балки яна бир бор меҳр ва эътироф қабул қилди. Холанднинг ҳазили, клубнинг эътибори ва мухлислар меҳри бир ҳақиқатни кўрсатди: Ҳусанов “Манчестер Сити”да ҳам, катта футбол саҳнасида ҳам аллақачон ўз ўрнига эга бўлиб улгурган.