«Ал-Наср» бош мураббийи Роналдуга дам берилганини айтди
«Ал-Наср» бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналду нима сабабдан навбатдаги ўйинда майдонга тушмаслигини изоҳлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ар-Риёд клуби чоршанба куни ОФК Чемпионлар лигаси доирасида «Аркадаг»га қарши баҳс олиб боради. Португалиялик юлдуз ҳужумчи тез орада майдонга қайтиши кутилаётганди, бироқ энг яқин учрашувда ҳам унинг иштироки бўлмайди.
Жезушнинг сўзларига кўра, жамоа зич тақвимни инобатга олиб, Роналду ва асосий таркибдаги бир қатор футболчиларга дам беришга қарор қилган. Мураббий бу қарорни олдинда турган «Ал-Фатеҳ»га қарши муҳим ўйин билан боғлади.
Шунингдек, мутахассис Роналдуга бундай дам бериш одатий ҳол эканини таъкидлади: у Саудия Арабистони ташқарисида ўтадиган айрим учрашувларни биринчи марта эмас, аввал ҳам ўтказиб юборган.
Саудия чемпионатининг «Ал-Фатеҳ» — «Ал-Наср» учрашуви шанба, 14-февраль куни бўлиб ўтади.
