Панчнинг ўйинчоғи интернетни портлатди ИКЕА ўйинчоғига талаб кескин ошиб кетди
Япониянинг Ичикава шаҳридаги ҳайвонот боғида кеча-кундуз меҳр излаб юрадиган бир кичкина макака бор — 7 ойлик Панч. Унинг оддий, лекин жуда таъсирли ҳаёти ҳақидаги видеолар ижтимоий тармоқларда портлаб тарқалгандан кейин, бутун бир бозор “қизиб” кетди: Панчга “суррогат она” ўрнида берилган орангутан кўринишидаги юмшоқ ўйинчоқ бир зумда машҳурга айланди.
“The Washington Post” хабарига кўра, видеолар оммалашгач, ИКЕА дўконларида тахминан 20 доллар турадиган орангутан юмшоқ ўйинчоғи тез орада сотиб тугатилган. Талаб шунчалик кескин ошганки, қисқа вақт ичида кўплаб ҳудудларда бу ўйинчоқни топиш қийинлашиб қолган.
Энг қизиғи — баъзи харидорлар ўйинчоқни ИКЕАдан олиб, интернет дўконларида 90 доллардан 350 долларгача нархда қайта сотиб, “қаймоғини олиш”га ҳам улгурган. Қисқаси, Панч бир ўйинчоқни “дефицит товар”га айлантириб қўйди.
Панчнинг қисқача қиссаси
Маълумот учун, Панч 2025 йил июль ойида туғилган. Аммо дунёга келганидан кейин онаси уни ташлаб кетган. Ҳайвонот боғи ходимлари маймунчани меҳрдан қуруқ қолдирмаслик учун унга орангутан шаклидаги юмшоқ ўйинчоқни “она” ўрнида берган. Панч эса шу ўйинчоқни қучоқлаб, ўзини хотиржам сезадиган бўлган.
Гуруҳга қўшилди, лекин қабул қилишмади
Ходимлар 19 январь куни Панчни бошқа маймунлар гуруҳига қўшиб кўришган. Бироқ гуруҳ аъзолари уни яқин ҳам қўймагани айтилмоқда. Шу ҳолат Панчга ҳам, уни кузатаётганларга ҳам қаттиқ таъсир қилган: у ҳали-ҳануз ўша юмшоқ ўйинчоқдан воз кечмаган.
Ижтимоий тармоқлар “портлади”
Панч ҳайвонот боғига келувчиларнинг ҳам алоҳида эътиборини тортган. Видеолар кенг тарқалгандан кейин, 13 февралгача “Панч” хештеги остидаги постлар сони 37 мингтага етгани қайд этилган. Унинг ҳикояси одамларни ҳам таъсирлантириб, ҳайвонот боғига ташриф буюрувчилар сони ошишига ҳам туртки берган.
Шунақа: баъзан бир кичкина жонзотнинг қучоғидаги ўйинчоқ ҳам бутун дунёнинг кайфиятини ўзгартириб юборар экан. Панч эса ҳали ҳам шу “меҳр рамзи”ни қўйиб юборишга тайёр эмас — чунки унга бу шунчаки ўйинчоқ эмас, тинчлик.
