Лофтус-Чик оғир жароҳат олди ва мавсумни тугатмаслиги мумкин
“Милан” ярим ҳимоячиси Рубен Лофтус-Чик “Парма”га қарши учрашувда жағидан жиддий жароҳат олди. Италиянинг Sky манбаси хабарига кўра, футболчи душанба куни операция қилинади ва амалиёт мураккаб кечиши мумкин. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Қайд этилишича, аралашувдан кейин Лофтус-Чик бир муддат зонд орқали овқатланишга мажбур бўлиш эҳтимоли ҳам бор. Бундай жароҳат футбол учун кам учрайди, шу сабаб тикланиш муддати ҳақида ҳозирча аниқ гапириш қийин.
Шу билан бирга, ярим ҳимоячи 2025/2026 йилги мавсумнинг қолган қисмини ҳам ўтказиб юбориши эҳтимолдан холи эмас. Эслатиб ўтамиз, якшанба куни “Милан” “Парма”га 0:1 ҳисобида ютқазди, Массимилиано Аллегри жамоаси А Серияда иккинчи ўринда бормоқда ва пешқадам “Интер”дан 10 очкога ортда қолган.
