Флик Канселуни мақтаб, уни жамоага катта ёрдам беради деди
«Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик Ла Лигадаги «Леванте»га қарши якшанба кунги 3:0 ҳисобидаги учрашувдан сўнг ҳимоячи Жоау Канселунинг ўйинини юқори баҳолади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Португал футболчиси «кўк-анорранглилар» сафида асосий таркибда майдонга тушиб, ўйин охиригача ҳаракат қилди. 32-дақиқада 31 ёшли ҳимоячи Френки де Йонгга голли узатма бериб, каталонияликларнинг баҳсдаги иккинчи голига ҳисса қўшди.
«Канселу жуда яхши ўйин кўрсатди. У фантастик футболчи ва келгусида бизга катта ёрдам беради», — деди Флик ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
Эслатиб ўтамиз, «Барселона» Жоау Канселуни қишки трансфер ойнасида Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клубидан ижара асосида сафига қўшиб олган.
