Жезуш Роналдуга дам берди ва у майдонга тушмайди
«Ал-Наср» бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналду нега навбатдаги учрашувни ўтказиб юборишини изоҳлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ар-Риёд клуби чоршанба куни ОФК Чемпионлар лигаси доирасида «Аркадаг»га қарши баҳс олиб боради. Португалиялик юлдуз ҳужумчининг тез орада майдонга қайтиши кутилаётган бўлса-да, бу сафарги ўйинда ҳам у қайдномадан жой олмайди.
Жезушнинг таъкидлашича, жамоа зич тақвим сабаб Роналду ва асосий таркибдаги яна бир қатор футболчиларга дам беришни маъқул кўрган. Мураббий бу қарорни олдинда турган муҳим «Ал-Фатех»га қарши учрашув билан боғлади.
Шунингдек, Жезуш Роналдунинг Саудия Арабистони ташқарисидаги ўйинларда вақти-вақти билан иштирок этмаслиги янгилик эмаслигини ҳам қўшимча қилди. Мураббий сўзларини Al Nassr Zone келтирди.
Саудия чемпионатидаги «Ал-Фатех» — «Ал-Наср» учрашуви шанба, 14-февраль куни бўлиб ўтади.
