ru24.pro
World News in Uzbek
Февраль
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22
23
24
25
26
27
28

Криштиану Роналду фаолиятини қаерда давом эттиришини очиқ айтди

0

Саудия Пролигасининг 23-тури доирасида «Ан Наср» ўз майдонида «Ал Ҳазм»ни йирик ҳисобда мағлуб этди — 4:0. Учрашув қаҳрамони эса яна одатдагидек Криштиану Роналду бўлди: португалиялик юлдуз дубл муаллифига айланиб, жамоасига ишончли ғалаба йўлини очиб берди.

Беллашувдан кейин эътибор марказига фақат голлар эмас, Роналдунинг келажак ҳақидаги сўзлари ҳам тушди. Журналист Фабрицио Романо келтирган иқтибосга кўра, 41 ёшли ҳужумчи ўз позициясини жуда аниқ билдирган.

Роналду Саудия Арабистонини ўзиники деб ҳисоблашини, айнан шу ерда фаолиятини давом эттиришни исташини айтди. Унинг таъкидлашича, бу мамлакат уни, оиласини ва дўстларини илиқ қабул қилган. Шу сабабли у ўзини бахтли ҳис қилади ва қолишни хоҳлайди.

- Мен Саудия Арабистонига тегишлиман. Мен шу ерда ўйнашни давом эттирмоқчиман. Бу мени, оиламни ва дўстларимни қабул қилган мамлакат. Саудияда бахтлиман ва қолишни истайман, - деди Роналду.

Мавсум давомида Роналдунинг формаси ҳам шунчаки гап эмас. У «Ан Наср» сафида барча мусобақаларда 22 та ўйинда қатнашиб, 20 та гол уришга улгурди. Бу — ҳужумчи учун жуда кучли кўрсаткич, айниқса 41 ёшда бундай суръатни ушлаб туриш ҳар кимнинг қўлидан келмайди.

Қизиғи, аввалроқ Доналд Трамп Роналдуни АҚШга чорлагани ҳақида хабарлар тарқалганди. Лекин Криштианунинг бугунги баёнотидан кейин вазият янада равшан: у ҳозирча Саудияда ўзини жойида деб билади ва йўлини шу ерда давом эттириш ниятида.

«Ал Ҳазм»ни йирик ҳисобда мағлуб этгандан сўнг "Ал Насср" турнир жадвалида биринчи ўринга чиқиб олди. Бу ҳақда Роналду қуйидаги сўзларни айтди:

"Ўз ўрнимизга қайтдик. Энди янада ўсишда давом этамиз" — деб ёзиб қолдирган ҳужумчи ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Хулоса оддий: Роналду учун «Ан Наср»даги саҳифа ҳали ёпилмаган. Аксинча, дубль, катта ҳисоб ва қатъий баёнот — бу ерда ҳали қизиқ воқеалар давом этишидан дарак.