Зинедин Зидан Франция терма жамоасига қайтишга яқин
Зинедин Зидан яқин орада Франция терма жамоаси бош мураббийи бўлиши мумкин. 53 ёшли мутахассис Франция футбол федерацияси билан оғзаки келишувга эришгани ҳақида инсайдер Фабритсио Романо хабар берди. Аввал Мадриднинг «Реал» клубини бошқарган Зидан навбатдаги жаҳон чемпионати якунлангач «уч ранглилар»ни қабул қилиб олади ва шу тариқа беш йиллик танаффусдан кейин мураббийлик фаолиятига қайтади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Дидье Дешам эса Франция терма жамоасини 2012 йил ёзидан буён бошқариб келмоқда. 2026 йилги мундиал гуруҳ босқичида франсузлар Сенегал ва Норвегия билан баҳс олиб боради, учинчи рақиб эса плей-офф ўйинлари натижасига кўра маълум бўлади. Турнир 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтади.
