Киву «Интер»нинг «Будё-Глимт»га мағлубиятини изоҳлади
Миланинг «Интер» жамоаси бош мураббийи Кристиан Киву Чемпионлар лигаси плей-офф босқичидаги илк учрашувда Норвегиянинг «Будё-Глимт» клубидан 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйилганидан сўнг фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Учрашувнинг биринчи бўлими 1:1 ҳисобида якунланди. Иккинчи таймда эса мезбонлар кетма-кет икки бор рақиб дарвозасини ишғол этиб, қарама-қаршиликнинг яққол фаворити саналган «Интер»ни таслим қилди.
«Бундай майдонда ўйнаш осон эмасди, аммо бу баҳона бўла олмайди. «Будё-Глимт» бизга муаммо туғдириши мумкинлигини билганмиз, лекин олдинда «Сан-Сиро»даги жавоб ўйини бор. Ҳали ҳеч нарса йўқотилгани йўқ», — деди Киву журналистлар билан суҳбатда.
1/8 финал йўлланмаси тақдири 24 февраль куни Миланда бўлиб ўтадиган жавоб баҳсида ҳал бўлади.
