Симеоне мағлубиятни тан олди: кеча «Райо Валекано» кучлироқ эди...
«Атлетико» бош мураббийи Диего Симеоне Испания чемпионатининг 24-тури доирасида «Райо Валекано»га қарши ўйиндаги йирик мағлубият (0:3) ортидан фикр билдирди. Устоз бу сафар одатдагидек айланма гапларсиз, тўғридан-тўғри ҳақиқатни айтди: майдонда кучлироқ жамоа ғалаба қилди.
Симеоненинг таъкидлашича, «Райо» ўйинда анча устун кўринган, «Атлетико» эса деярли ҳеч нарса ярата олмаган.
«Улар биздан кучлироқ бўлди, бизда эса амалда имкониятлар жуда кам эди. Масала интенсивлик ёки хоҳишда эмас. Биз жуда ёмон ўйнадик, улар эса яхшироқ ҳаракат қилди. Шунинг учун ҳам уларда вазиятлар кўпроқ бўлди.
Бизда ҳужумга тез ўтиш ҳам, сўнгги узатмалар ҳам сифатли чиқмади. Улар ғалабага кўпроқ лойиқ эди», — дея Симеоненинг сўзларини Marca нашри келтирди.
Мураббийнинг бу гапларидан битта нарса аниқ: у мағлубиятни “бахтсизлик” ёки “тасодиф” деб беркитмади. Аксинча, жамоанинг асосий муаммоларини очиқ кўрсатди — тезкор ўтишлар ишламади, ҳал қилувчи пасларда аниқлик етмади, натижада ҳужумда таъсир ҳам кўринмади.
Маълумот учун, Ла Лигада 24 турдан кейин «Атлетико» 45 очко жамғариб, турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турибди. «Райо Валекано» эса 23 ўйиндан сўнг 25 очко тўплаб, 17-поғонада жойлашган.
Қисқаси, «Атлетико» жадвалда юқорида турган бўлса ҳам, Валекасда “қоғоздаги ном” ишламади — майдондаги футбол ҳал қилди. Энди Симеоне учун энг муҳим вазифа — шу мағлубиятдан тўғри хулоса чиқариб, жамоани тезда ўз ҳолатига қайтариш. Чунки юқори ўринлар учун пойгада бундай кечаларни кўп кўтариб бўлмайди.
