«Ан-Наср» бош мураббийи Роналдуга дам берилишини айтди
«Ан-Наср» бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналду нега яқинлашаётган учрашувда майдонга тушмаслигини изоҳлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ар-Риёд клуби чоршанба куни ОФК Чемпионлар лигаси доирасида «Аркадаг»га қарши ўйнайди. Португалиялик юлдуз ҳужумчи бойкотдан сўнг тез орада сафга қайтиши кутилаётган бўлса-да, бу сафар ҳам унинг иштироки бўлмайди.
«Зич тақвим сабаб Роналду ва асосий таркибдаги яна бир нечта футболчига дам беришга қарор қилдик. Олдинда «Ал-Фатеҳ»га қарши муҳим ўйин бор», — дея Жезушнинг сўзларини келтиради Al Nassr Zone.
Мутахассис Роналду учун бундай танаффус янгилик эмаслигини ҳам қўшимча қилди: саудияликлар сафардги ўйинларда унинг вақти-вақти билан майдонга тушмаслиги аввал ҳам кузатилган.
Саудия чемпионати доирасидаги «Ал-Фатеҳ» — «Ан-Наср» учрашуви шанба, 14-февраль куни бўлиб ўтади.
