Почеттино Месси, Неймар ва Мбаппени бошқариш осон эмаслигини айтди
ПСЖнинг собиқ бош мураббийи Маурисио Почеттино юлдуз футболчилар билан ишлаш қанчалик мураккаб эканига тўхталди. Аргентиналик мутахассис Парижда ҳужумда Лионел Месси, Неймар ва Килиан Мбаппе учлиги билан бирга ишлаган эди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Почеттинонинг таъкидлашича, бундай даражадаги ўйинчилар баъзан ўзлари тўп тепаётган клубдан ҳам каттароқ эътиборга эга бўлади. Мураббий Месси ҳақида гапирар экан, ундан доимий прессинг кутиш нотўғри эканини қайд этди: у аввал ҳам, ҳатто Гвардиола давридаги энг ёрқин йилларида ҳам бу услубни мунтазам бажармаган. Мутахассис фикрича, натижа бўлмаса, айб кўпинча мураббий зиммасига тушади.
Ҳозирда Почеттино АҚШ терма жамоасини Жаҳон чемпионатига тайёрламоқда. Шунингдек, ОАВда ёзги трансферлар даврида унинг «Тоттенҳем»га қайтиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган.
