Кадрлар танқислигидан толиқаётган Наполи ҳақида Конте гапирди
Наполи бош мураббийи Антонио Конте жамоада юзага келган кадрлар муаммоси ва жароҳатлар тўлқини борасида фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мутахассиснинг айтишича, бир вақтнинг ўзида бир неча футболчи оғир жароҳат олиб сафдан чиққанда, мураббий доим бир хил таркибга таянишга мажбур бўлади. Натижада ўша ўйинчиларда ҳам майда шикастлар пайдо бўлиб, кейинчалик улар ҳам жиддий жароҳатга айланиб кетиши мумкин. «Бизга ҳатто ибодатхонага бориб, дуо қилиш керак», деди Конте.
10 февраль куни неаполликлар Италия Кубогини кутилмаганда тарк этди: Комо билан чорак финалнинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди, пенальтилар сериясида эса Наполи имкониятни бой берди.
А Сериянинг 24-туридан кейин Конте жамоаси турнир жадвалида учинчи ўринда бормоқда. Амалдаги Италия чемпиони ҳисобида 49 очко бор.
