ru24.pro
World News in Uzbek
Февраль
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28

Гвардиола Ҳусановга мақтов ёғдирди: уни "Фулхэм"га қарши тайёр деди

0

Англия Премьер-лигасида чемпионлик йўлида қадамлар ҳар ҳафта янада оғирлашиб бормоқда. «Арсенал» олти очко билан олдинга чиқиб олган бир пайтда, уни қувиб келаётган «Манчестер Сити» 26-турда ўз майдонида навбатдаги баҳсини ўтказади. Ўтган турда «Энфилд»да «Ливерпуль»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган Хосеп Гвардиола жамоаси бу сафар ўз мухлислари олдида «Фулхэм»га қарши майдонга тушади.

Баҳс олдидан эса энг кўп муҳокама қилинган масала — «Ливерпуль»га қарши ўйинда бошидан зарба олган Абдуқодир Ҳусановнинг аҳволи эди. Чунки иккинчи бўлим бошларида Жанлуижи Доннарумма билан тўқнашувдан кейин 21 ёшли марказий ҳимоячи майдонни эртароқ тарк этишга мажбур бўлганди.

Гвардиола эса мухлисларни тинчлантириб қўйди: Ҳусанов «Фулхэм»га қарши ўйнашга тайёр.

"Сити" устози Абдуқодирнинг тикланиши яхши кечганини алоҳида таъкидлади. Айниқса, жамоада тажрибали марказий ҳимоячилар Рубен Диаш ва Йошко Гвардиол йўқ пайтда Ҳусановнинг қайтиши «Сити» учун катта куч бўлгани сир эмас. Январь ойи якунига кўра, у жамоасининг энг яхши ўйинчиси, деб топилгани ҳам бунинг яққол исботи.

  • Ҳусанов анча яхши ҳолатда ва ўйнай олади, - деди «Манчестер Сити» бош мураббийи.

Гвардиолага яна бир қизиқ савол ҳам берилди: Ҳусановнинг инглиз тили қай даражада яхшиланаётгани ҳақида. Пеп эса одатдагидек юморни ҳам қўшиб ўтди:

  • Тан оламан, Абдуқодир ҳали инглиз тилида Уильям Шекспирдек гапирмайди. Лекин унинг тилни ўзлаштириши тобора яхшиланяпти. У биз нимани хоҳлаётганимизни, гапларимизни тўлиқ тушунади. Бу ҳолат ҳар сафар янада яхши томонга ўзгаряпти.

Энг муҳим жиҳат — Гвардиола Ҳусанов ҳақида фақат жисмоний куч нуқтайи назаридан гапирмади. У ҳимоячининг ақлли, чуқур фикрлайдиган футболчи эканини алоҳида урғулади.

Пепнинг таъкидлашича, кўпчилик Ҳусановни “кучли ва тез” деб билади, аммо унинг ўйинни ўқиши, вазиятни олдиндан ҳис қилиши, доим тўғри позиция танлаши — энг катта афзалликларидан бири.

  • Ҳусанов жуда ақлли йигит. Одатда, одамлар уни жисмоний томондан жуда кучли ва ўта тезкор футболчи, деб билишади ва унинг чуқур фикрлай олишига эътибор беришмайди. Аслида мутлақо тескариси. Унинг тафаккури кучли эканини доим тўғри позиция танлаши кўрсатмоқда.

Унинг тезлиги ҳам “суръат учун суръат” эмас — позициясини тез тиклаб олиши, хавфли вазиятларда жамоани қутқариб қолиши билан қиммат.

  • Абдуқодир ҳақиқатан жуда-жуда тезкор. Ўз позицияларини тиклаб олиш — унинг энг муҳим фазилатларидан бири. Лекин бу билан чекланиб қолмайди, Ҳусановга баҳо беришда адашманг, у ақлли футболчи. Одатда, бундай жисмоний кучга эга ўйинчи атрофида нима бўлаётганини ҳис қилмайди, барчаси фақат жисмоний ҳолатига боғлиқ бўлади. Ҳусановда эса иккаласи – куч ҳам, ақл ҳам бор.

Шунингдек, тўп билан ўйнаши ҳам сезиларли даражада ўсиб бораётгани айтилди. «Сити» мураббийлар штаби уни янада ривожлантиришга туртки беряпти ва бу жараён давом этади. Гвардиола ҳатто жуда катта ишонч билан қуйидаги фикрни ҳам билдириб ўтди: Ҳусанов ҳали жуда ёш, очиқ фикрли ва у «Сити»да марказий ҳимояда узоқ йиллар ўйнайдиган футболчига айланиши мумкин.

  • Шунинг учун у тўп билан ўйнашда ҳам яхшиланяпти. Уни янада ривожланишга ундаяпмиз. Ва у яна ўсади. Бу ёшда у очиқ фикрли. Яқинда айтганимдек, ҳозир “Сити”да марказий ҳимояда кўп, жуда кўп йиллар ўйнайдиган футболчи бор, - деди Хосеп Гвардиола.

«Манчестер Сити» — «Фулхэм» учрашуви 11 февралдан 12 февралга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан соат 00:30 да старт олади. Мухлислар эса битта нарсани кутаяпти: Ҳусанов майдонга чиқса, «Энфилд»да ярим қолган “жанг” бу кеча давом этади.