ru24.pro
World News in Uzbek
Февраль
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28

Абдуқодир Ҳусанов жароҳати атрофида хавотир ва илк инсайдлар

0

Англия Премьер-лигасининг 25-туридан ўрин олган марказий тўқнашув — амалдаги чемпион “Ливерпуль” ҳамда “Манчестер Сити” ўртасидаги баҳсда ўзбекистонлик мухлисларни бир лаҳзада сергак торттирган кутилмаган ҳолат рўй берди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “Энфилд”да ўзининг жисмоний кучини, жасоратини ва вазиятни ҳис қилиш қобилиятини яна бир бор кўрсатган пайтда, бахтсиз тўқнашув қурбонига айланиб қолди.

Ўйиннинг 60-дақиқалари атрофида мезбонлар ҳужумчиси Коди Гакпонинг гол уришига тўсқинлик қилиш учун Ҳусанов ўзини тўп йўлига ташлади. Ҳимоячи ишни “охиригача” қилмоқчи бўлган лаҳзада, вазиятга ташланган баҳайбат дарвозабон Жанлуижи Доннарумманинг тиззаси Абдуқодирнинг юзига тегиб кетди. Бу тўқнашув оддий эпизодга ўхшаб кўринган бўлиши мумкин, аммо майдондаги биринчи реакция ҳаммасига тушунарли сигнал берди: Доннарумма вазиятни дарҳол англаб, шошилинч равишда шифокорларни чорлади.

Тиббий ёрдамдан кейин Ҳусанов ўйинни давом эттиришга тайёр эканини билдиргани айтилмоқда. Бироқ “Сити”нинг тиббиёт штаби ва протокол талаблари бу ерда биринчи ўринда турди: бош жароҳати ва эҳтимолий мия чайқалиши билан боғлиқ тавсиялар бор, хавф билан ўйнашга эса ҳеч ким ҳақли эмас. Шу боис, Абдуқодир майдонга қайтмади ва алмаштирилди.

Табиийки, бу ҳолат фақат Ўзбекистонда эмас, Ҳусановни турли мамлакатлардан қўллаб-қувватлаб бораётган нейтрал футбол ишқибозларини ҳам хавотирга солди. Чунки Абдуқодир — ҳали 21 ёш, аммо аллақачон катта босимли ўйинларда ҳам хато қилмасликка ҳаракат қилаётган, ўзига ишонган, қаттиқ курашдан қочмайдиган ҳимоячи сифатида танилиб улгурган.

Илк маълумотлар нима дейди?

Англиядаги айрим нуфузли спорт манбалари Ҳусановнинг ҳолати бўйича ўз манбаларига таянган ҳолда дастлабки хабарларни тарқатди. Уларда умумий нуқта битта: клуб уни жиддий текширувдан ўтказади ва қарорни шошилмасдан қабул қилади.

CITYXTRA.CO.UK хабарида таъкидланишича, иккинчи бўлимда “Сити” мудофааси катта босимга тушган, айнан шундай ҳимоявий вазиятлардан бирида Ҳусанов икки футболчи орасида қолиб кетган. Доннарумманинг тиззаси юзга текканидан кейин ҳимоячи тиббий тавсиялар асосида захирага олинган.

Шу манбага кўра, Пеп Гвардиола ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Ҳусановнинг аҳволи бўйича аниқ янгилик айта олмаган. Лекин бош мураббий ўзбекистонлик ҳимоячининг ўйинини жуда юқори баҳолаб, унинг “Энфилд”даги дебютини алоҳида эътироф этган:

“Ҳусанов… ‘Энфилд’да илк бор ўйнади. Ўзбекистондан келган, ярим йил Францияда ўтказган, кейин бизга қўшилди… Қаршисида Экитике, Салоҳ бор эди. Бу йигит қандай зўр ўйин кўрсатди!”

Бу гаплар — оддий комплимент эмас. Бу Гвардиоладек талабчан мураббийнинг ишончи. Ва мухлис учун бундай баҳо — Ҳусановнинг “Сити” лойиҳасидаги ўрни борлигини кўрсатадиган кучли ишора.

STANDARD.CO.UK эса “Сити”нинг жароҳатлар рўйхати кенг экани, шу сабаб Гвардиола таркиб танлашда доим мураккаб қарорлар қабул қилаётганини қайд этади. Манбага кўра, “Энфилд”да Рубен Диаш тикланган бўлса-да, устоз Ҳусановни асосий таркибда туширган. Аммо 60-дақиқа атрофида у майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Шунингдек, у Ҳусановнинг “Фулхэм”га қарши уй ўйинигача тайёр бўлиб қолиши мумкинлиги ҳақида эҳтимолий тахминни ҳам келтиради.

MANCHESTEREVENINGNEWS.CO.UK эса Ҳусановнинг тўқнашуви мия чайқалишига шубҳа туғдиргани, шунинг учун унинг ўрнига Рубен Диаш туширилганини ёзади. У ерда Ҳусановнинг эҳтимолий қайтиши 14 феврал куни бўладиган “Салфорд Сити”га қарши ўйинга тўғри келиши мумкинлиги ҳақида ҳам гап бор.

Нима учун саналар турлича?

Ҳозирги энг муҳим жиҳат — турли манбалар қайтиш санасини ҳар хил айтяпти. Бу эса табиий: клуб расмий баёнот бермагунча, барчаси инсайд ва тахмин даражасида қолади. Бош жароҳатларида энг тўғри йўл — эҳтиёткорлик. “Ўйинни давом эттираман” деган кайфият профессионал руҳиятни кўрсатади, аммо қарорни барибир тиббий протокол қилади.

“Манчестер Сити” ҳали Ҳусановнинг аҳволи бўйича расмий маълумот чиқаргани йўқ. Лекин бир нарса аниқ: клуб ўзининг истиқболли футболчисини хавф остига қўймайди. Бу — нормал, тўғри ва келажакни ўйлайдиган ёндашув.

Ҳозирча бизга қоладигани — яхши умид. Абдуқодирнинг жароҳати жиддий эмаслигига ишонамиз ва у тез орада яна майдонга қайтиб, ўзининг қаттиққўл, ишончли ва жасоратли ўйини билан ҳам “Сити” мухлисларини, ҳам Ўзбекистонни хурсанд қилади. Ҳа, бу футбол: бир лаҳзада юракни “ўғирлаб” кетади. Лекин Ҳусанов каби йигитлар одатда тез тикланади — чунки уларнинг характери ҳам “протокол”дан кучлироқ.