ru24.pro
World News in Uzbek
Февраль
2026
1 2 3 4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28

Криштиану Роналду талаби бажарилди: "Ан-Наср"да янги давр бошланди...

0

Криштиану Роналду ва “Ан-Наср” атрофида айланиб юрган шов-шувлар, кўринади-ки, ниҳоят ўз ечимини топди. Инсайдер Бен Жейкобс тарқатган маълумотларга кўра, томонлар ўртасидаги совуқчилик пасайган ва вазият сезиларли равишда юмшаган.

Манба таъкидлашича, португалиялик юлдуз катта эҳтимол билан Риёд клуби сафида қолади. Сабаби оддий: Роналду қўйган асосий шарт — кучли трансферлар ва рақобатбардош таркиб учун каттароқ молиявий имконият — амалга ошириладиган бўлди.

Хабарларга қараганда, Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси (PIF) “Ан-Наср”га янги мавсум олдидан трансфер сиёсати учун кўпроқ маблағ ажратишини билдирган. Роналду эса айнан шуни талаб қилган: “хоҳласанг, натижа кут — натижа учун эса ресурс бер”, деган гап. Мана шу нуқтада икки томоннинг манфаати кесишган.

Шу сабабли, 40 ёшли форвард жамоада қолишга мойил экани айтилмоқда. Чунки Роналду учун фақат майдонда ўйнашнинг ўзи камлик қилади — у ҳар доим катта мақсад, катта соврин ва катта лойиҳа талаб қилади. “Ан-Наср” эса унинг талабларини инобатга олмас экан, муҳит яна кескинлашиши аниқ эди.

Эслатиб ўтиш керак, аввалроқ Криштиану “Ан-Наср” ўйинларини бойкот қилиш вариантини ҳам кўриб чиққан. У клуб раҳбариятининг қарорларидан ва бюджет масаласидаги “торлик”дан норози бўлгани ҳақида гап-сўзлар кўпайганди. Қисқаси, Роналду “катта саҳна”да юришни истайди, кичик режалар унинг характерига тўғри келмайди.

Энди эса вазият бошқача тус олмоқда: пул бор, режа бор, трансферлар учун эшик очиқ. Демак, “Ан-Наср” келаси мавсумда ҳақиқатан ҳам катта ўйин қилишга уринмоқчи.

Фанатлар учун эса энг ёқимлиси шу: Роналду қолса — лигада шовқин, стадионда атмосфера, майдонда интрига бўлади. Хулоса битта: Риёдда янги мавсум “фақат иштирок” учун эмас, “соврин” учун бошланаяпти.