Римда Треви фавворасига кириш энди пуллик бўлади
ОАВ хабарларига кўра, Италия пойтахти Римда жойлашган машҳур Треви фавворасига яқинлашиб, унга танга ташлаш учун эндиликда махсус тўлов жорий этилди.
Маълум қилинишича, сайёҳлар фаввора ҳудудига ҳар куни соат 09:00 дан 22:00 гача кириш учун икки евро миқдорида ҳақ тўлаши керак бўлади. Беш ёшгача бўлган болалар, ногиронлиги бор шахслар ҳамда Рим шаҳрида яшовчи фуқаролар мазкур тўловдан озод этилган. Шунингдек, кечқурун ва эрта тонг соатларида фавворага бепул кириш имконияти сақлаб қолинади.
Шаҳар маъмурияти ҳисоб-китобларига кўра, чипта сотувларидан йил давомида 6,5 миллион евродан 20 миллион еврогача даромад олиниши мумкин. Ушбу маблағларни фавворани сақлаш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда ходимларнинг иш ҳақини қоплашга йўналтириш режалаштирилган.
Қайд этилишича, сайёҳлар томонидан фавворага ташланадиган тангалар аввалгидек кам таъминланган аҳолига ёрдам кўрсатувчи Caritas di Roma хайрия ташкилотига ўтказилади. Треви фавворасидан ҳар йили ўртача 1,5 миллион евро миқдорида танга йиғилади.
