Фарғонада чегарани бузган шахсдан минглаб "Зардекс" дорилари чиқди
ДХХ Чегара қўшинлари ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ҳамда кучли таъсир қилувчи дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасига қарши қаратилган навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.
Маълум қилинишича, тадбир жараёнида “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасининг Фарғона вилояти Риштон тумани ҳудудидан ўтувчи қисми ноқонуний равишда бузиб ўтилгани аниқланган. Чегарани қонунга хилоф тарзда кесиб ўтиб, қўшни давлат ҳудудидан Ўзбекистонга кириб келган фуқаро тезкор тартибда ушланган.
Қайд этилишича, ушланган шахс Учкўприк туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган фуқаро бўлган. Холислар иштирокида ўтказилган текширув давомида унинг ёнидан жами 9 542 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси топилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу дори воситаларининг умумий баҳоси 1 миллиард 320 миллион сўмни ташкил этади. Аниқланган воситалар белгиланган тартибда расмийлаштириб олинган.
Мутахассислар таъкидлашича, “Зардекс” дори воситаси таркибидаги “Прегабалин” моддаси Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрда қабул қилинган 818-сонли қарорига мувофиқ кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган. Шу боис мазкур модданинг эркин муомаласи чекланган ва унинг ноқонуний айланмаси қонунчиликка зид ҳисобланади.
Ҳозирда ушбу фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 223-моддаси 1-қисми, 246-моддаси 1-қисми ҳамда 251-1-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
