ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2026

Италияда беморнинг 11 соғлом тиши олиб ташлаган стоматолог қамалди

0

Италиянинг Генуя шаҳридаги стоматологлар беморнинг 11 тишини ортиқча, кераксиз ва нотўғри равишда олиб ташлагани учун жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда “Corriere della Sera” нашри хабар берди. Ҳодиса ижтимоий тармоқларда ҳам муҳокама бўлиб, арзон хизмат излаш баъзан қандай оғир оқибатларга олиб келишини яна бир бор эслатди.

Манбага кўра, 55 ёшли аёл интернет орқали арзон нархларда хизмат кўрсатадиган шифокорларни топиб, стоматологик муолажалар олишга қарор қилган. Консультация пайтида мутахассислар беморни ишнинг кўп қисмини бир кунда бажариш мумкинлигига ишонтирган, унга махсус протезларни кўрсатишган, аммо энг муҳим босқич — рентген текширувини ўтказишмаган. Ҳатто шифокорлардан бири “процедура” бўлмаса, барча тишларини йўқотиши мумкинлигини айтиб, аёлни янада шоширгани қайд этилмоқда.

Оқибатда бор-йўғи тўрт соат ичида аёлнинг 11 та соғлом тиши олиб ташланган. Учинчи куни унга протезлар қўйилган, аммо улар аввал ваъда қилинганидан фарқ қилган ва кейинчалик бу протезлар доимий эмас, вақтинчалик экани маълум бўлган.

Жабрланувчи операция оқибатида жиддий қийинчиликларга дуч келган: у гапира олмай қолган, тўғри овқатлана олмаган, натижада ҳаёт сифати оғирлашган. Бу ҳолат унинг шахсий ҳаётига ҳам таъсир қилган: тиш муаммолари ва оғир оқибатлардан уялиб, севгилиси билан ажрашган. Кейинчалик бошқа стоматолог унга жарроҳлик амалиётини ўтказган бўлса-да, аёл ҳануз овқатни яхши чайнай олмаслиги айтилмоқда.

Суд қарорига кўра, 11 тишни нотўғри олиб ташлаган стоматологларнинг бириси уч ой, иккинчиси бир йилу беш ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Шунингдек, жабрланувчи аёлга 14 300 евро миқдорида тўлов пули тўлангани маълум қилинди.