31 январь ва 1–3 февраль учун Ўзгидромет огоҳлантириш берди
Ўзгидромет 31 январь ҳамда 1–3 февраль кунлари республикада кутилган ёғингарчилик ва ҳаво ҳароратидаги кескин ўзгаришлар сабабли тоғли ҳудудларда қор кўчиши хавфи борлигини маълум қилди.
Огоҳлантиришга кўра, айниқса тоғ олди ва тоғли йўлларда ҳаракатланишда эҳтиёт чораларини кучайтириш зарур. Чунки бундай об-ҳаво шароитида йўллар сирпанчиқ бўлиши, кўринув пасайиши ва айрим жойларда хавф кучайиши мумкин.
Қор кўчиши хавфи эълон қилинган ҳудудлар қуйидагилар:
- Қашқадарё вилояти: Деҳқонобод, Китоб, Қамаши, Шаҳрисабз туманлари.
- Сурхондарё вилояти: Бойсун, Қумқўрғон, Сариосиё, Узун туманлари.
- Самарқанд вилояти: Нуробод, Қўшработ, Самарқанд, Ургут туманлари.
- Жиззах вилояти: Бахмал, Зомин туманлари.
- Тошкент вилояти: Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон туманлари (Чотқол тизмаси тоғлари).
- Наманган вилояти: Поп тумани.
Мутахассислар тоғли ҳудудларда яшовчи аҳоли, дам олиш учун йўлга чиққанлар ва айниқса тоғ йўлларидан ўтувчи ҳайдовчилардан сергак бўлишни сўрамоқда. Агар зарурат бўлмаса, хавф юқори бўлган йўналишларда сафарни кечиктириш, йўлга чиққанда эса масофа сақлаш, тезликни оширмаслик ва расмий огоҳлантиришларга амал қилиш тавсия этилади.
