2025 йилнинг энг яхшилари номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди
Бугун, 30 январ куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конгресси бўлиб ўтди. Йиғилишнинг биринчи қисми анъанавий равишда энг қизиқ жиҳатдан — раҳбарият бўйича овоз беришдан бошланди.
Натижада Баҳодир Қурбонов ЎФА президенти сифатида яна ишонч қозонди. Шунингдек, Равшан Эрматов ҳамда Одил Аҳмедов ассоциациянинг вице-президентлари лавозимига қайта сайланди. Қисқаси, футболимизда “кадрлар алмашди” эмас, “ишонч янгиланди” — шу сценарий.
Маросимнинг иккинчи қисми эса мухлислар кутган лаҳза — 2025 йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш билан давом этди. Ўзбекистон миллий жамоасини Жаҳон чемпионатига олиб чиққан Темур Кападзе йилнинг энг яхши мураббийи деб топилди. Туркия Суперлигасида голлар бўйича етакчилар қаторида юриб, “ҳужумдаги мотор”га айланган Элдор Шомуродов эса йилнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди.
2025 йилнинг энг яхшилари номинациялари ғолиблари
-
Йилнинг энг яхши футболчиси — Элдор Шомуродов («Башакшеҳир»)
-
Энг яхши аёл футболчи — Диёра Ҳабибуллаева («Севинч»)
-
Аёллар лигасининг энг яхши футболчиси — Нилуфар Қудратова («Севинч»)
-
Энг яхши мураббий — Темур Кападзе (Ўзбекистон миллий жамоаси / «Навбаҳор»)
-
Аёллар футболида энг яхши мураббий — Владислав Хан («Севинч»)
-
Энг яхши ёш ўйинчи — Садриддин Ҳасанов (Ўзбекистон U-17 жамоаси вингери)
-
Энг яхши ҳакам — Илгиз Танташев
-
Энг яхши аёл ҳакам — Насибабону Тошмуҳаммедова
-
Болалар футболи бўйича энг яхши мураббий — Юсуф Эргашев («Бунёдкор»)
-
Энг яхши ҳудудий футбол ассоциация — Қорақалпоғистон ФА
-
Фидойилик рамзи — Ҳусан Темиров (узоқ йиллар «Насаф» ўйинларини шарҳлаб борган шарҳловчи)
-
Футболимиз нуронийси — Аҳрол Иноятов («Пахтакор» собиқ футболчиси)
Бу натижалар бир нарсани кўрсатяпти: 2025 йилда ҳам футболимизда ҳам меҳнат, ҳам натижа, ҳам фидойилик эътибордан четда қолмади. Энди энг муҳими — бу эътирофлар қоғозда эмас, майдондаги янги ютуқларга айлансин.
