Дурдона Қурбонова Имрон билан клипдаги келишмовчиликни очди (видео)
Актриса Дурдона Қурбонова ва хонанда Имрон Наво телеканалида намойиш этиладиган “Хуш келибсиз” дастурида бирга меҳмон бўлишди. Самимий суҳбат давомида бошловчи актрисадан Имрон билан суратга тушган клипларидан қайси бири унга ёққан ва ёқмаган, кўришни истамаган саҳналари бор-йўқлиги ҳақида сўради.
Дурдона Қурбонованинг айтишича, у бирор клипни ёқтирмаслигини айтолмайди. Аксинча, барча ишларни яхши кўришини таъкидлади. Бироқ “Ҳеч кимга бермай севаман” қўшиғига олинган клип жараёнида кичик тушунмовчилик юзага келганини яширмади.
“Мен ўша клипда қучоқлашиш саҳнаси бўлмаслигини сўраганман. Режиссёр эса бу эпизод клип учун жуда муҳим, у ҳолда мазмун тўлиқ очилмаслигини айтган. Шу сабабли, мажбурий тарзда бўлса-да, ролни ижро этганман”, — дейди актриса.
Унинг сўзларига кўра, режиссёр Икром ака вазиятни ҳам менга, ҳам Имрон акага алоҳида тушунтириб, клип орқали муҳаббат ҳиссини томошабинга етказиш кераклигини таъкидлаган.
“Умуман олганда эса, ижодий натижадан жуда мамнунман. Бу клипни ҳозир ҳам яхши кўраман”, — дея сўзини якунлади Дурдона Қурбонова.
