ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25
26
27
28
29
30
31

Гехи дебюти ва Ҳусанов билан мустаҳкам ҳимоя тандеми ҳақида гапирди

0

Англия Премьер-лигасининг 23-турида “Манчестер Сити” ўз майдонида чемпионат аутсайдери “Вулверхэмптон”ни қабул қилиб, ишончли ўйин намойиш этди. Умар Мармуш ва Антуан Семеньо томонидан киритилган голлар эвазига “шаҳарликлар” 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу натижа “Сити” учун АПЛнинг 2026 йилдаги илк зафари сифатида қайд этилди.

Ушбу беллашувда мухлислар диққати, аввало, жамоага яқинда қўшилган марказий ҳимоячи Марк Гехининг дебютига қаратилди. Англия чемпионатининг энг барқарор ҳимоячиларидан бири ҳисобланган футболчи “Манчестер Сити” ҳимояси марказида ўзбекистонлик Абдуқодир Ҳусанов билан елкама-елка ҳаракат қилди. Ушбу тандем рақибнинг барча уринишларини муваффақиятли бартараф этиб, дарвозабон Жанлуижи Доннаруммага “қуруқ” ўйин ўтказишда ёрдам берди.

Учрашувдан кейин Марк Гехи ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, ўйин умумий жиҳатдан яхши ўтган, бироқ Премьер-лига ритмига тўлиқ мослашиш учун ҳали ўрганадиган жиҳатлар кўп.

— Мен томондан ҳаммаси жойида эди, аммо ўйин ритмига тўлиқ киришиб кетишим учун ҳали кўп нарсани ўрганишим керак. Бу ерда майда деталлар, позицион ўйинга оид масалалар ва турли нозик жиҳатлар жуда кўп. Шу билан бирга, бу дебют мен учун жуда ҳаяжонли бўлди, — деди Гехи.

Шунингдек, у жамоадаги умумий муҳитга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

— Жамоада яхши руҳият бор. Энди энг муҳими — диққатни кейинги учрашувга қаратиш ва ғалаба қозонишда давом этиш. Бизга тўғри менталитет ва юқори интенсивлик керак. Умид қиламанки, шуни сақлаб қоламиз, — дея қўшимча қилди у.

25 ёшли Марк Гехи футболчилик фаолиятини “Челси” академиясида бошлаган. Аммо “аристократлар” сафида асосий таркибга кириш қийин бўлгани сабаб, у бир неча бор “Суонси”га ижарага берилган. 2021 йилда эса “Кристал Пэлас” уни 23,34 миллион евро эвазига сотиб олди. Лондон клуби таркибида деярли беш йил тўп тепган Гехининг шартномаси жорий йил 30 июнда якунланиши керак эди.

Кўплаб клублар ҳимоячининг эркин агентга айланишини кутган бир пайтда, “Манчестер Сити” ташаббусни қўлга олди ва “Кристал Пэлас”га 23 миллион евро тўлаб, футболчини ўз сафига қўшиб олди. Жорий мавсумда Гехи барча мусобақаларда 34 та учрашувда майдонга тушиб, нафақат ҳимояда ишончли ҳаракат қилди, балки уч марта гол урди ва жамоадошларига тўртта голли узатма ҳам берди.

Энди эса у “Сити”да Абдуқодир Ҳусанов билан ҳимоя марказида янги ва умидли тандем шакллантирмоқда. Хосеп Гвардиола шогирдлари навбатдаги учрашувни 28 январ куни Европа Чемпионлар лигаси умумий босқичининг сўнгги — 8-турида Туркиянинг “Галатасарой” жамоасига қарши ўтказади.