ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25
26
27
28
29
30
31

Гвардиола "Сити" ғалабасидан сўнг "янгилар" ўйинига қандай баҳо берди?

0

Англия Премьер-лигасининг 23-турида “Манчестер Сити” ўз майдонида “Вулверхэмптон”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва сўнгги пайтлардаги омадсизликлар занжирига нуқта қўйди. Учрашув якунланганидан сўнг “шаҳарликлар” бош мураббийи Пеп Гвардиола мазкур ғалаба ва жамоадаги айрим футболчиларнинг ўйини ҳақида фикрларини очиқ айтди.

Испаниялик мутахассис авваламбор рақибнинг кайфияти ва формаcини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “Вулверхэмптон” сўнгги 4-5 учрашувдан бери мағлубият таъмини тотмай келаётган, шундай жамоага қарши ўйинда “Сити” учун энг муҳими — ўзини қайта тиклаб олиш ва салбий серияга чек қўйиш эди.

“Охирги 4-5 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келаётган жамоага қарши баҳсда бизга албатта натижа керак эди. Шу сабаб бу ғалаба жуда муҳим. Мен умумий натижадан қониқдим”, — мазмунда фикр билдирди Гвардиола.

Гвардиола, шунингдек, учрашувда ўйини билан ажралиб турган айрим футболчиларни ҳам алоҳида тилга олди. Хусусан, Омар Мармушнинг ҳаракатчанлиги, майдондаги юқори энергияси ҳамда ҳужумдаги фаоллиги мураббийнинг кўнглидан жой олган. Мутахассиснинг таъкидлашича, бундай “жонли” ҳаракатлар жамоага тезлик ва янги нафас беради.

Дебют учрашувини ўтказган Марк Геҳи ҳақида ҳам ижобий фикрлар айтилди. Гвардиолага кўра, Геҳи “Кристал Пэлас”да сардорлик қилган футболчи сифатида катта масъулиятни ҳис қиладиган, майдонда етакчилик қилишни биладиган ўйинчи. Мураббий бу сифатларнинг янги жамоада ҳам тез кўринаётганидан мамнун эканини яширмади.

“Кристал Пэлас”да сардор бўлиш учун алоҳида иқтидор керак. Геҳи ўзини жуда яхши кўрсатди, мен ундан мамнунман”, — деган мазмунда баёнот берди у.

Шунингдек, Гвардиола Марк Геҳи ва Антуан Семеньони “ўйинни тез ҳис қиладиган, вазиятни тез тушунадиган ажойиб футболчилар” сифатида таърифлаб ўтди. Бу эса “Сити”нинг келгуси турлардаги ўйинига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Қисқаси, “шаҳарликлар” “Вулверхэмптон” устидан қозонилган ғалаба орқали нафақат уч очкони, балки ишончни ҳам қайтариб олди. Энди эса Гвардиола жамоаси бу руҳий кўтаринкиликни кейинги учрашувларда ҳам давом эттиришга ҳаракат қилади.