ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24
25
26
27
28
29
30
31

«Қирол шер» мультфильми режиссёр ҳаётдан кўз юмди

0

“Disney” компаниясининг энг машҳур анимацион лойиҳаларидан бири — «Қирол шер» мультфильмини яратишда иштирок этган режиссёрлардан бири Рожер Аллерс 76 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда унинг яқин ҳамкасби ва режиссёр Дэйв Боссерт расман маълум қилди.

Боссерт ижтимоий тармоқларда қолдирган хотирасида Аллерснинг ўлими уни чуқур қайғуга солганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, улар яқин ҳафталаргача алоқада бўлиб турган, Аллерс эса ўлимидан сал олдин Миср бўйлаб саёҳат қилган. Шу сабабли бу йўқотиш янада кутилмаган ва оғир қабул қилинган.

Режиссёр дўстини ғайриоддий истеъдод соҳиби, чуқур фикрлайдиган рассом ва “Disney” анимациясини янги босқичга олиб чиққан муҳим шахслардан бири сифатида эслади. Унинг таъкидлашича, Аллерс “Disney”нинг қайта тикланиш даврида ҳал қилувчи рол ўйнаган ижодкорлардан эди.

Рожер Аллерс режиссёр Роб Минкофф билан ҳамкорликда 1994 йилда экран юзини кўрган «Қирол шер» мультфильмини суратга олган. Ушбу асар нафақат студия тарихида, балки жаҳон анимациясида ҳам энг муваффақиятли лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилган. Асл мультфильм жаҳон прокатида 771 миллион доллар даромад келтирган.

2019 йилда ишланган ремейк версия эса бутун дунё бўйлаб 1,6 миллиард доллар йиғиб, барча даврларнинг энг кўп даромад келтирган фильмлари қаторига кирган.

Аллерснинг ижодий фаолияти фақат “Қирол шер” билан чекланиб қолмаган. У, шунингдек, «Аладдин», «Сув париси», «Соҳибжамол ва махлуқ», «Ов мавсуми», «Оливер ва компания» каби қатор машҳур анимацион лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этган.

Анимация олами яна бир буюк ижодкоридан айрилди. Рожер Аллерс қолдирган мерос эса ҳали узоқ йиллар давомида томошабинлар қалбидан жой олишда давом этади.