Хоразмда ўзидан “кўча” ясаб олган уч киши қамалди
Хоразм вилоятида ўз атрофида “кўча муҳити”ни шакллантириб, фуқароларни қўрқитиш ва зўравонлик орқали назорат қилишга уринган, уюшган тарзда ҳаракат қилган гуруҳга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. ИИВ матбуот хизмати маълум қилишича, тезкор тадбирлар давомида уч нафар гумондор қўлга олинган ва қамоққа олинган.
Маълумотларга кўра, 1996 йилда туғилган Жамол Аҳмедов Урганч шаҳар марказий деҳқон бозори ҳудудида бир йигитнинг йўлини тўсиб, турли баҳоналар билан уни уриб, тан жароҳати етказган. Жабрланувчи мурожаатидан кейин у босим ўтказишга урингани ҳам айтилмоқда. Қўлга олинган вақтда унинг ёнидан 3 грамм марихуана топилган.
Яна бир ҳолатда 1997 йилда туғилган Артур Мақсабоев (лақаби “Малиш”) Боғот туманида бир йигитни “гаплашиш” учун чақирган, келмаганини баҳона қилиб, унинг уйига борган. Қаршилигига қарамай хонадонга кириб, жабрланувчини уриб, қасддан жароҳат етказгани билдирилган.
Учинчи ҳолатда эса 1991 йилда туғилган Расул Фарҳодбеков (лақаби “Расул қилич”) Хива—Урганч йўналишидаги киракаш билан йўл талашиб, уни таъқиб қилгани, йўлини тўсиб тўхтатгани ва тушганидан сўнг уриб-тепиб жароҳат етказгани қайд этилмоқда. Жанжални тўхтатишга уринган яна бир фуқаро ҳам урилган.
Учала ҳолат бўйича гумондорларга Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Жамол Аҳмедовга эса қўшимча равишда 276-модда 2-қисми (гиёҳванд моддаларни қонунга хилоф сақлаш) бўйича ҳам айб қўйилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда, гумондорлар қамоққа олинган.
ИИВ мазкур шахслардан жабр кўрган фуқаролардан ички ишлар органларига мурожаат қилишни сўраган.
