ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23
24
25
26
27
28
29
30
31

18 ёшли қиз 19 ёшли қизни фоҳишаликка кўндирмоқчи бўлдими?

0

Жиззах вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар одам савдоси билан боғлиқ жиноятга уринишни фош этди, деб ИИВ матбуот хизмати хабар берди. Маълумотларга кўра, Ғаллаорол туманида яшовчи 18 ёшли қиз Шароф Рашидов туманидан бўлган 19 ёшли қизни Таиланднинг Бангкок шаҳрига олиб боришни режалаштирган.

ИИВ қайд этишича, гумонланувчи қиз жабрланувчини “мўмай даромад” ваъдаси билан кўндиришга уринган. Хабарда айтилишича, у фоҳишалик билан шуғулланиш орқали кунига 350–400 доллар топишни ваъда қилиб, сафар харажатларини ҳам ўз зиммасига олишини билдирган. Вазирлик эълон қилган видеоматериалдан қизнинг сафар мақсадини билганини англаш мумкинлиги таъкидланган.

12 январь санасига Тошкент–Бангкок йўналиши бўйича авиачипталар расмийлаштирилгани, шу куни чет элга чиқиш учун Тошкент халқаро аэропорти томонга йўл олингани айтилади. Бироқ улар Жиззах вилояти ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан Дўстлик туманидаги Манас-14 ЙПХ масканида тўхтатилиб, процессуал тартибда ушланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.