Попда ерни “хусусийлаштириш” ваъдаси: икки ҳолатда фирибгарлар ушланди
Наманган вилояти Поп туманида ер ва кадастр ҳужжатларини “тезлаштириб”, “танишлар орқали ҳал қилиб бериш” деган гаплар яна бир бор қимматга тушди. Тезкор хизматлар ўтказган тадбирлар натижасида ер майдонини хусусий мулк сифатида расмийлаштириб беришни ваъда қилган мансабдорлар билан боғлиқ икки ҳолатда ноқонуний ҳаракатларга барҳам берилди.
Биринчи ҳолат: 30 сотих ер ва 6 сотих уй учун 2 минг доллар
Маълум қилинишича, маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ҳоким ёрдамчиси 1988 йилда туғилган фуқарога деҳқон хўжалиги юритиш учун 49 йил муддатга ажратилган 30 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали хусусий мулк сифатида расмийлаштириб беришини айтган. Шунингдек, ушбу ернинг 6 сотих қисмида қурилган уй-жой учун ҳам тегишли кадастр ҳужжатларини тайёрлатиб бериш баҳонасида 2 минг АҚШ доллари талаб қилинган.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ёрдамчиси олдиндан 1000 АҚШ долларини ўзининг 1990 йилда туғилган таниши орқали олган пайтда ушланиб, ҳолатга нуқта қўйилган.
Айни ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ҳамда 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Иккинчи ҳолат: 10 сотих захира ери учун пул олган
Шу тумандаги яна бир вазиятда Давлат кадастрлари палатасининг Поп туман филиали ходими давлат захирасидаги 10 сотих ер майдони ва унда қурилган уй-жойни “таниш-билиш” орқали фуқаро номига шахсий мулк сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 900 АҚШ доллари ва 4,8 миллион сўм олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат бўйича кадастр ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнлари давом этмоқда.
Ҳулоса ўрнида
Бу икки ҳолат ҳам бир нарсани кўрсатяпти: ер масаласида “пулини берсанг, бўлади” деган йўлнинг охири одатда бир жойда тугайди. Расмийлаштириш, кадастр, мулк ҳуқуқи каби ишлар “тезлаштириш” баҳонаси билан ноқонуний пул айланмасини келтириб чиқарса, тезкор идоралар буни узоққа қўймайди.
