ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Жаҳон туризм даромади рекорд ўрнатди, Ўзбекистон тез суръатда ўсмоқда

0

Дунё туризми яна катта саҳнага қайтди — ва бу қайтиш “шовқинли” бўлди. UN Tourism маълумотларига кўра, 2024 йилда халқаро туризмдан тушган умумий даромад 1,74 триллион долларга етди. Бу эса пандемиягача бўлган 2019 йилги кўрсаткичдан 14 фоиз юқори дегани.

Етакчилик масаласида эса шубҳа қолмади: АҚШ халқаро сайёҳлардан 215 миллиард доллар даромад олиб, рейтингда биринчи ўринни мустаҳкам эгаллади. Қизиғи, юқори ўринларда Европанинг “доимий пропискаси” кўзга ташланади: Испания — 106,5 млрд доллар, Буюк Британия — 82,5 млрд, Франция — 77 млрд, Италия — 58,7 млрд. Бу давлатлар туристик оқимни йилдан-йилга барқарор тарзда ўз томонига тортиб келмоқда.

Осиёда ҳам рақобат кучли. Туризмдан катта даромад олган давлатлар сифатида Япония (54,7 млрд доллар), Таиланд (42,7 млрд) ва Хитой (39,7 млрд) алоҳида ажралиб турибди. Яъни, “турист кўп бўлса бўлди” деган формула эмас — “турист қанча сарфлайди?” деган савол ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Шу нуқтада АҚШ мисоли жуда тушунарли: келувчилар оқими катта, шу билан бирга ҳар бир меҳмон ҳисобига ўртача харажат ҳам юқори. Айрим мамлакатларда эса манзара бошқача: Малдив ороллари ёки Ямайка каби ҳудудларда умумий тушумлар (абсолют сумма) нисбатан кичикроқ бўлиши мумкин, аммо туризм уларнинг ялпи ички маҳсулотида (ЯИМ) жуда катта улушни ташкил этади. Яъни, иқтисодиёт “турист сезса — дарҳол ҳис қиладиган” форматда.

Европанинг барқарор устунлиги ҳам тасодиф эмас. Бу ерда бой тарихий-маданий мерос, тезкор транспорт тармоқлари, йирик бозорларга яқинлик каби омиллар ишлайди. Испаниянинг Францияни ҳам айрим йўналишларда ортда қолдираётгани эса унинг таклиф қиладиган имкониятлари қанчалик кенг эканини кўрсатади: жаҳон даражасидаги пляжлар ва ороллардан тортиб, қадимий шаҳарлар, гастрономия, музей ва ёдгорликларгача. Энг муҳими — бу хилма-хиллик Испанияга йилнинг турли фаслларида, дунёнинг турли нуқталаридан турист жалб қилиш имконини беради. Натижада, 2024 йилда Испания Европа Иттифоқида энг кўп ташриф буюрилган мамлакатга айланди.

Ўзбекистонда ҳам туризм “қадамлаб” эмас, “югуриб” ўсаяпти. 2025 йил давомида мамлакатга 11,7 миллиондан зиёд хорижий турист келгани қайд этилди — бу бир йил аввалгига нисбатан сезиларли ўсиш демак. Январ–ноябр ойларида 10,7 миллион турист ташриф буюргани маълум қилиниб, бу мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Ташрифчиларнинг ярмидан кўпроғи асосан Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан, шунингдек Россиядан келган. 2025 йилнинг биринчи 9 ойида туристлар сони 2024 йилга нисбатан жадал ўсди ва бу суръат минтақада энг юқориларидан бири сифатида тилга олинмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон 2025 йилда дунёда туристлар оқими бўйича энг тез ўсиб бораётган манзиллардан бири сифатида UN Tourism маълумотларида ҳам қайд этилди.

Бу ўсишнинг ортида аниқ сабаблар бор: визасиз ва электрон виза режимининг кенгайиши, халқаро авиақатновлар ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши, янги йўналишлар ва хизматлар сифатига эътибор — буларнинг барчаси бир нуқтага хизмат қилади: Ўзбекистонни турист учун янада қулай ва тушунарли манзилга айлантириш.

Энг катта сигнал эса келажак режаларида: Uzbekistan–2030 стратегияси доирасида 15 миллион турист жалб қилиш ва 5 миллиард доллар туризм хизматлари экспортига чиқиш мақсадлари белгиланган. Демак, ҳозирги рақамлар — финал эмас, старт. Туризмда рақобат катта, лекин Ўзбекистоннинг тез суръати шуни кўрсатяптики: тўғри йўл танланган, энди уни узлуксиз давом эттириш керак.