Фарғонада тунда музли тоғ йўлида «Каптива» қулаб тушди
Фарғона вилоятидаги йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Вилоят ИИБ маълумотига кўра, воқеа 2026 йил 19 январь куни соат 21:00 атрофида Фарғона туманидаги «Ёрдон» МФЙ ҳудудида, тоғли масофада қайд этилган.
Маълум қилинишича, 1981 йилда туғилган А.А. бошқарувидаги «Каптива» автомобили ҳаракатланиш учун мўлжалланмаган кичик дарадаги тоғ йўлидан ўтаётган вақтда йўл қатлами қор ва муз билан қоплангани сабабли бошқарувдан чиқиб кетган. Натижада машина ағдарилиб, пастликка қулаб тушган.
Ҳайдовчи оғир тан жароҳати — ёпиқ бош мия шикасти ва кома ҳолати билан шифохонага олиб борилган. Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган тезкор тиббий ёрдам ва реанимация чораларига қарамай, жабрланувчининг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган.
Мутасаддилар ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилаётганини билдирган.
