ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Трамп Ўзбекистонни Тинчлик кенгашидан доимий ўрин олишга чорлади

0

АҚШ президенти Доналд Трамп Ўзбекистонни Ғазо сектори бўйича халқаро Тинчлик кенгашидан доимий ўрин олишга таклиф этди. Президент матбуот хизмати маълум қилишича, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номига Трампдан “Яқин Шарқда тинчликни мустаҳкамлаш ва можароларни ҳал этиш бўйича халқаро ташаббусга қўшилиш” юзасидан расмий таклиф хати келиб тушган.

Мактубда қайд этилишича, мазкур ташаббус 2025 йил 29 сентябрда эълон қилинган, жаҳон етакчилари томонидан қўллаб-қувватланган ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2025 йил 17 ноябрдаги 2803-сонли резолюцияси билан маъқулланган Ғазодаги можарони тугатиш бўйича комплекс режага таянади. Яъни, гап шунчаки ғоя ҳақида эмас — у халқаро даражада “қоғозга туширилган” ва таянч ҳужжатларга боғланган ташаббус сифатида кўрсатилмоқда.

Ташаббуснинг асосий моҳияти — узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш масъулиятини зиммасига олишга тайёр давлатларни бирлаштирувчи янги халқаро тузилма, яъни Тинчлик кенгашини ташкил этишдан иборат. Ўзбекистонга эса бу тузилмага таъсисчи давлат сифатида қўшилиш таклиф этилгани таъкидланади.

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев америкалик ҳамкасбига жавоб мактубини йўллаб, Ўзбекистон Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилишга тайёр эканини билдирган. Президент ўз мактубида ушбу ташаббусни Яқин Шарқдаги кўп йиллик низоларни бартараф этиш, кенг минтақа бўйлаб тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам сифатида баҳолаган.

Эслатиб ўтиш жоиз, ўт очиш тўхтатилганидан кейин Ғазо секторида ҳудудни бошқариш учун халқаро орган шакллантириш режаси ҳақида гаплар бир неча бор кўтарилган эди. Шу фон ортда турган бир пайтда Оқ уй томонидан ҳам кенгаш таркибида айрим машҳур шахслар бўлиши айтилган: АҚШ давлат котиби Марко Рубио, Яқин Шарқ бўйича махсус вакил Стив Уиткофф, АҚШ президентининг куёви Жаред Кушнер ҳамда Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр мазкур кенгаш таркибидан ўрин олиши эълон қилинган.

Бироқ, Bloomberg танишиб чиққан низом лойиҳасига кўра, Тинчлик кенгашининг вазифалари фақат Ғазо билан чекланиб қолмаслиги ҳам мумкин. Ҳужжатда у “барқарорликка кўмаклашиш, ишончли ва қонуний бошқарувни тиклаш ҳамда можаролар таъсир кўрсатган ёки таҳдид остида бўлган ҳудудларда мустаҳкам тинчликни таъминлашга интилувчи халқаро ташкилот” сифатида таърифланади. Яъни, бу модел “бир нуқта — бир муаммо” эмас, балки кенгроқ мандатга эга платформага ўхшайди.

Лойиҳага кўра, кенгашга Трампнинг ўзи раислик қилади ва қарорлар якуний тарзда у томонидан тасдиқланиши керак бўлади. Демак, формат жамоавий муҳокамани кўзда тутса-да, “охирги имзо” марказда қолиши мумкин.

Ўзбекистоннинг таъсисчи давлат сифатида таклиф этилиши эса Тошкентнинг халқаро майдондаги ролини янада кўринарли қилиши эҳтимолини кучайтиради. Айниқса, тинчлик, музокара ва барқарорлик каби мавзуларда амалий ташаббуслар кўпайган бир пайтда, бу таклиф минтақавий ва глобал кун тартибида Ўзбекистоннинг иштирокини янги босқичга олиб чиқиши мумкин. Қисқаси, геосиёсат “шахмат тахтаси” бўлса, Ўзбекистонга яна бир юриш имкони очилаётганга ўхшайди — энди асосийси, ўша юриш қандай натижа бериши.