ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Дорихоналарда спирт ўрнига лосьон берилаётгани фош этилди

0

Рақобат қўмитаси дорихоналарда “сирли мижоз” усулида махсус ўрганиш ўтказганини маълум қилди. Бунга истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар сабаб бўлган: айрим ҳолатларда одамлар 70 фоизли тиббий спирт сўраганда, дорихона ходимлари унинг ўрнига лосьон таклиф қилаётгани айтилган.

Қўмита ахборот хизматига кўра, текширувларда 20 дан ортиқ дорихона қамраб олинган. Натижада, тахминан 25 фоиз дорихонада спирт талаб қилинганда унинг ўрнига лосьон берилгани аниқланган. Яъни ҳар тўртинчи нуқтада мижоз спирт олаяпман деб, амалда бошқа маҳсулот билан чиқиб кетиши мумкин бўлган.

Қўмита изоҳида яна бир муҳим жиҳат қайд этилган: дори воситаларини ишлаб чиқаришда ГДП сертификатлари жорий этилиб, сифат назорати кучайтирилган даврда айрим спирт ишлаб чиқарувчилар лицензия олмаган ва спирт ўрнига лосьон ишлаб чиқаришга ўтган. Энг асосийси — бу ўзгариш ҳақида истеъмолчиларга етарлича ва тўлиқ маълумот берилмагани одамларни чалғитирган.

Нега бу хавфли?
Чунки тиббий спирт ва лосьон — бир хил нарса эмас. Иккаласининг вазифаси, таъсири ва қўлланиш мақсади кескин фарқ қилади.

70 фоизли тиббий спирт соғлиқни сақлаш соҳасида қуйидаги ишларда ишлатилади:

  • инъекциялар олдидан терига ишлов бериш;

  • асбоб-ускуналарни стерилизация қилиш;

  • яраларни даволаш;

  • жарроҳлик амалиётларида қўллаш.

Лосьон эса таркибида спирт миқдори нисбатан паст бўлган косметик маҳсулот ҳисобланади ва асосан:

  • терини тозалаш, ортиқча ёғланишни камайтириш;

  • косметика қолдиқларини бартараф этиш учун мўлжалланган.

Шу сабаб, спирт ўрнига лосьон таклиф этилиши кутилган натижани бермаслиги мумкин. Янада ёмони — инсон спирт деб ишониб, уни стерилизация ёки ярага ишлов бериш учун ишлатса, бу амалда самарасиз бўлиб, истеъмолчилар саломатлигига зарар етказиш хавфини оширади.

Хулоса шундай: дорихонада “спирт” сўраганингизда, номига эмас, маҳсулот тури ва мақсадига ҳам диққат қилинг. Чунки бу ерда гап фақат харид ҳақида эмас — гап хавфсизлик ва соғлиқ ҳақида кетяпти.