ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Ширин Абдуллаева хотирасига бағишланган таъсирли кеча

0

2026 йил 16 январь куни Ўзбекистон композиторлар уюшмаси биносидаги концерт залида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, марҳума истеъдодли санъаткор Ширин Абдуллаева хотирасига бағишланган “Тугалланмаган қўшиқ” номли хотира кечаси бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир миллий маданиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган ёш ижодкорнинг ёруғ хотирасини ёд этиш, унинг бой ва мазмунли ижодий меросини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди. Хотира кечаси Ўзбекистон композиторлар уюшмаси ташаббуси билан ўтказилиб, унда ижод аҳли, санъатшунослар, давлат ва жамоат арбоблари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда санъат ихлосмандлари иштирок этди.

Тадбир Ширин Абдуллаеванинг ҳаёти ва ижодига бағишланган кириш сўзи билан очилди. Кейин Ўзбекистон композиторлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев марҳума санъаткор асарларининг яратилиш жараёни, уларнинг бадиий қиймати ва замонавий мусиқада тутган ўрни ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Кечадаги энг таъсирли лаҳзалардан бири Рустам Абдуллаев томонидан сўзлаб берилган руҳий хотира бўлди. Унинг айтишича, Ширин Абдуллаева бир кеча унинг тушига кириб, най чалган. Ана шу оҳанг композитор қалбида чуқур таассурот қолдирган ва айнан шу мусиқий ғоя асосида у хотира кечасида янграган куйни басталаган. Мазкур асар илк бор шу кечада ижро этилиб, томошабинлар томонидан катта ҳаяжон билан қарши олинди.

Хотира тадбирида марҳуманинг оила аъзолари ва устозлари ҳам самимий хотира сўзлари билан иштирок этди. Жумладан, онаси қизининг ноёб истеъдоди ҳақида тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлади:

“Ширин ўзига хос куч ва тўхтовсиз энергияга эга эди. У бир вақтнинг ўзида турли йўналишларда ижод қилиб, ҳар қандай вазифани бор меҳри ва масъулияти билан бажаришга интиларди”.

Ширин Абдуллаеванинг ижодий салоҳиятига доир яна бир қатор ёрқин мисоллар ҳам келтирилди. Хусусан, Хитойда ўтказилган байрам тадбири учун унга қисқа вақт ичида 8 та турли халқ тилида қўшиқ тайёрлаш топширилган ва у бу масъулиятли вазифани атиги 15 кун ичида муваффақиятли адо этган. Шунингдек, унинг қўшиқлари саҳнада рақс билан уйғун ҳолда ижро этилиб, мусиқа, ҳаракат ва образ бир бутун бадиий асарга айлангани таъкидланди.

Кеча якунида Ширин Абдуллаева хотирасига чуқур эҳтиром ифодаланиб, унинг миллий санъатимизда қолдирган ёруғ ва ўчмас изи абадий экани алоҳида қайд этилди.

Маълумот ўрнида, Ширин Абдуллаева 2005 йилда туғилган. Қисқа, аммо сермазмун ижодий фаолияти давомида у қўшиқчи ва ижодкор сифатида кенг тан олинган, қатор машҳур қўшиқлари ва халқаро ижодий лойиҳалардаги иштироки билан мухлислар меҳрини қозонган. 2023 йилда санъат соҳасидаги ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган. Афсуски, истеъдодли санъаткор 2025 йилда 19 ёшида вафот этган.

“Тугалланмаган қўшиқ” хотира кечаси Ширин Абдуллаеванинг санъатга бағишланган умри, унинг сўнмас истеъдоди ва миллий маданиятимизда қолдирган бебаҳо меросига бўлган юксак эҳтиром ифодаси сифатида ёдда қолди.