Эрон осмони ёпилди: Ўзбекистон рейслари нега ортга қайтди?
Эрон ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилгани сабабли Ўзбекистонга боғлиқ бир қатор авиақатновлар йўналишни давом эттира олмай, жўнаш аэропортларига қайтишга мажбур бўлди. Хусусан, Мадина–Тошкент (7Q7742) ва Мадина–Фарғона (7Q4442) рейслари Мадинага қайтган, Тошкент–Қувайт (J9650) самолёти эса учиб чиққанидан сўнг яна Тошкентга қўнган. Шунингдек, Самарқанд–Жидда (9S3303) Самарқандга, Урганч–Мадина (2U7911) Урганчга қайтган, Жидда–Тошкент (HY336) рейси ҳам Жидда аэропортига ортга бурилган.
Reuters ва Flightradar24 маълумотларига кўра, Эрон ҳаво ҳудудида чекловлар жорий этилгани туфайли кўплаб халқаро рейслар йўналишини ўзгартиришга ёки кечикишларга учраган. Кейинчалик ҳаво ҳудуди қайта очилгани ҳақида ҳам хабарлар бор.
Ҳозирда мутахассислар вазиятни кузатмоқда. Йўловчиларга авиакомпания ва аэропортнинг расмий билдиришларини текшириб бориш тавсия этилади.
